Қирғизистон мева-сабзавот экспортини оширмоқда

Қирғизистон мева-сабзавот экспортини оширмоқда

Қирғизистон турли мева-сабзавот экспортини оширмоқда. Миришкорлар тўплаган ҳосил нафақат Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи давлатлари, балки узоқ хорижда ҳам харидорини топяпти. Айниқса, хурмо жуда харидоргир. Бу мева витамин ва фойдали моддаларга бой, ундан ҳатто косметологияда ҳам фойдаланилади.

ЖАСУР АЙДАРОВ, АРАВОН ҚИШЛОҒИДАН:

- Хурмони асосан Россия ва Қозоғистонга юборамиз. У ерларда доимий харидорлар бор. Маҳсулотимизнинг ўзига хослиги шундаки, экологик тоза.

НУРЛАНБЕК ҚУБАТОВ, АРАВОН ТУМАНИ АГРАР ТАРАҚҚИЁТ ДЕПАРТАМЕНТИ МУТАХАССИСИ:

- Туманимизда 130 гектардан зиёд хурмо боғлари мавжуд. Йилига ҳосилнинг тахминан 60 фоизи экспортга жўнатилади. Ўтган йили хорижий мамлакатларга уч юз тоннадан зиёд маҳсулот юборганмиз. Бу йил экспорт ҳажми янада ошишига умид қиламиз.

Ўш вилоятидан хурмо билан бирга, гилос,
шафтоли, олча ва бошқа мевалар ҳам экспорт қилинади. Мавсум мобайнида ташқи бозорларга 7 минг 800 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулоти юборилган.

АҲМАДЖОН МАҲАМАДОВ,  ЎШ ВИЛОЯТИ БЎЙИЧА ҲУКУМАТ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИ ЎРИНБОСАРИ:

- Жорий йилдан бошлаб биз расмий турда Хитой Халқ Республикасига гилос экспорт қила бошладик. Аравон туманида қадоқлаш ва саралаш цехи очилди. Келгуси йилдан гилос экспорти ҳажми уч марта ошиши режалаштирилган.

Боғбон ва деҳқонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятда логистика марказлари, сабзавот омборлари, шунингдек, ветеринар ва фитосанитария назорати лабораториялари барпо этилган. Бу ерда экспортга юборилаётган маҳсулотлар учун сертификат олиш мумкин.

Фото: kabar.kg