Бишкекда мусаввир Суйменқул Чўқморов юбилейига бағишланган кўргазма очилди

Бишкекда мусаввир Суйменқул Чўқморов юбилейига бағишланган кўргазма очилди

«Эсимда». Бишкек шаҳрида СССР Халқ артисти, мусаввир Суйменқул Чўқморовнинг 80 йиллик юбилейига бағишланган кўргазма шу ном остида очилди. Экспозиция, шунингдек, рассомнинг умр йўлдоши, Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, санъатшунос Салима Шабазова хотирасига ҳам бағишланган. Вернисаж ташаббускори эса уларнинг фарзанди.

БАҚТИГУЛ ЧЎҚМОРОВ, С. ЧЎҚМОРОВНИНГ ЎҒЛИ:

- 1989 йилдан бошлаб биз ҳар 10 йилда шу каби кўргазма ўтказамиз. Бизнинг бағрикенг халқимиз, Суйменқул Чўқморовни чин дилдан севган қирғиз халқи унинг ижоди тўғрисида ҳам кўпроқ маълумотга эга бўлишини истардим.

Кўргазмада рассомнинг жами юздан ортиқ иши намойиш қилинган. Экспозицияда Суйменқул Чўқморовнинг дастлабки картиналарини ҳам, кейинроқ яратган асарларини ҳам томоша қилиш мумкин. Бундан ташқари, оилавий архивдан олинган ноёб фотосуратлар ҳам кўргазмага қўйилган.

ГЕННАДИЙ БАЗАРОВ, ҚИРҒИЗИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРБОБ:

- Мен бу афсонавий шахс билан мулоқотда бўлганим, уни ҳаётда учратганимдан хурсандман. Хотирамда у камтар, одамшаванда ва иқтидорли санъаткор, мусаввир сифатида қолган.

БОЛОТ ШАМШИЕВ, КИНОРЕЖИССЁР, ҚИРҒИЗИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ХИЗМАТ КЎРСАТГАН АРБОБ:

- Қирғиз халқи катта байрам – таниқли арбоб Суйменқул Чўқморовнинг 80 йиллигини нишонлаяпти. Шундай буюк ижодкоримиз бўлганидан биз ҳамиша фахрланамиз. Ва айни вақтда мен унинг барҳаётлигини, ҳамиша биз билан бирга эканлигини таъкидлаб келаман, чунки Суйменқул Чўқморов ишини давом эттиришга лойиқ ёшлар кўп. Шунинг учун унинг номи абадий қолиши учун ҳаракат қиламиз.

Бишкекда ўтаётган кўргазма 10 ноябргача давом этади. Ташкилотчилар ҳар бир санъатсевар Суйменқул Чўқморов ижодидан завқ ола билиши учун Қирғизистоннинг бир қанча шаҳарларини кезиш ниятида.

Фото: sputnik.kg