Марказий Осиёда ов туризми

Марказий Осиёда ов туризми

Марказий Осиё мамлакатларида ов туризми ривожланмоқда. Бугунги кунда минтақада архар овлаш имконияти хорижлик сайёҳларни ўзига жалб қиляпти. Мазкур йўналишни ривожлантириш мақсадида тоғ қўйлари овини лицензиялаш кўзда тутилган. Аммо бунда фақат насл қолдириш ёшидан ўтган кекса жониворларнигина отишга рухсат берилади. Ёввойи ҳайвонларни сақлаб қолишнинг бундай механизми бугунги кунда АҚШ, Канада, Мексика, Африкада қўлланилиб, ижобий натижа бермоқда. Ғояни илмий асослаш ва меъёрий-ҳуқуқий база яратиш бўйича ишлар давом этяпти. Таъкидлаш жоиз, ўлжа туризми туфайли сўнгги 10 йилда Тожикистонда Марко Поло қўйлари сони деярли икки баравар ортди.  Бугунги кунда Қозоғистонда 17 мингтагача ҳар хил турдаги архар яшайди. Янги лойиҳа орқали тушган маблағни ташаббускорлар «Қизил китоб»га киритилган ҳайвонлар популяцияси соҳасидаги фанлар ривожи учун сарфлаш ниятида.

БАТИР СЕЙКЕНОВ, ТУРИЗМ БЎЙИЧА МИЛЛИЙ КОМПАНИЯ БОШҚАРУВИ РАИСИ МАСЛАҲАТЧИСИ:

 - Архарларни ўрганиш керак. Бўйинбоғлар сотиб олиб, уларни кузатиб туриш мумкин. Сўнг генетикасини ўрганамиз. Бундай ов нима учун керак? Чунки хорижлик овчига ўлжанинг фақат шохи керак. Бошқа органларини эса биз тадқиқот учун олишимиз мумкин. Ривожланган мамлакатларда бу усул аллақачон жорий этилган. Ўшанда биз учун илмий маълумотлар туфайли архарлар сонини кўпайтириш имкони туғилади.

КУРТ АЛЬТ, ТОҒ ҚЎЙЛАРИ ЖАМҒАРМАСИ ДИРЕКТОРИ /АҚШ/:

 - Тадқиқот натижаларига кўра, мазкур лойиҳа самарали таъсир кўрсатади. Мавжуд жониворлар сони ортади, архарлар тарк этган ҳудудларига қайтади. Архарлар кўпайиши минтақада қор барслари сони ортишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Чунки улар илвирсларнинг асосий ўлжаси.

Фото: inbusiness.kz