Тожикистон: Ҳисор қалъаси – энг қадимий обидалардан бири

Беназир ва бетакрор услубга эга анъанавий меъморчилик миллий ўзига хосликни шакллантиришда алоҳида ўринга эга. Тожикистонда қадимий қўрғонлар у ёқда турсин, ҳатто янги биноларни ҳам колоритни сақлаган ҳолда бунёд этишга ҳаракат қилинади. Анъанавий бинокорлик ёдгорликлари гўзал табиат билан уйғунлашган ҳолда жаҳоннинг барча қисмларидаги туристларни ўзига жалб этади. Ипак йўли карвонлари из қолдирган Ҳисор қалъаси ҳар бир саёҳатчи қалбидан абадий ўрин олишига эса ҳеч бир шубҳа йўқ.

ЖЕНИС ЕРМУКАНОВ, МУХБИР:

 - 500 йил муқаддам худди мана шу ерда, минг йиллик Ўрта Осиё цивилизацияси пойдеворида Ҳисор қалъаси дарвозалари бунёд этилган.

Қалъа дарвозаси вайрон қилинган 16 истеҳком ўрнида қурилган. Бухоро амирлигининг шарқий пойтахти – Ҳисор шаҳри тарихи жуда қадим замонлардан бошланади. Эрамиздан аввалги 8-асрда Ҳисор Шумон деб аталган. Шаҳар ҳудудида археологик қазув ишлари шу кунларда ҳам давом этаяпти.

АКМАЛ ҲАМИДОВ, «ҲИСОР МАДАНИЙ-ТАРИХИЙ ЖАМҒАРМАСИ» БЎЛИМИ МУДИРИ, ТОЖИКИСТОН:

 - 1946 йилда Ҳисорда археолог Алексей Павлович Окладников тош асрига оид маданият қолдиқларини топган. Бу маданият 8 минг йиллик тарихга эга. Шунингдек, Ҳисор қалъаси ҳудудидан 4200 йил муқаддам мавжуд бўлган, бронза даврига оид мозор топилди. Бу эса ҳудуднинг жуда кўҳна тарихи борлигини кўрсатади.

Эрамиздан аввалги тўртинчи асрда Ҳисор ҳудуди буюк лашкарбоши Александр Македонский аскарлари томонидан забт этилди. Яқинда қайта тикланган амфитеатр ўша даврлар ҳақида маълумот беради.

АКМАЛ ҲАМИДОВ, «ҲИСОР МАДАНИЙ-ТАРИХИЙ ЖАМҒАРМАСИ» БЎЛИМИ МУДИРИ, ТОЖИКИСТОН:

 - Аввало археологлар топилмалари юнонлар бу жойларни ўз тасарруфида тутганидан дарак беради. Ўша даврга оид қабристон топилди. Ҳисор қалъасидаги булоқ ичидан эса мана бу устун бўлаги чиқди. У Коринф орденига тегишли юнон капители. Булар ҳаммаси Ҳисор қалъаси тарихи Ўрта Осиёда юз берган тарихий воқеаларга боғлиқлигини кўрсатади.

Эрамизнинг 6-асригача Ҳисор аҳмонийларнинг Форс империяси таркибида бўлган. Икки аср сўнг Салавкийлар давлати, сўнг Юнон-Бақтрия подшолиги таркибига кирди. Ҳар бир цивилизация унда ўз тамғасини қолдирди. Натижада, Ҳисор Марказий Осиёнинг энг муҳим туристик йўналишларидан бирига айланди.

ЖЕНИС ЕРМУҚАНОВ, МУХБИР:

 - Ҳисор қалъаси денгиз сатҳидан 850 метр юксакликда жойлашган. Қайта тиклаш ишлари якунлангач, туристлар яна бир қатор ноёб меъморчилик ёдгорликларини кўра олади. Мана шу ерда Ҳисор ҳукмдорлари қасри бўлган. Бу ерда ҳам реконструкция ишлари давом этаяпти. Бундан ташқари, музей мажмуаси қурилиши режалаштирилган.

Археологлар айтишича, бугунги кунда олимлар қалъага оид маълумоларнинг атиги бешдан бир қисмини билишади, холос. Минтақа тарихини ойдинлаштирувчи тадқиқот ва қазиш ишлари ҳали давом этади.

АКМАЛ ҲАМИДОВ, «ҲИСОР МАДАНИЙ-ТАРИХИЙ ЖАМҒАРМАСИ» БЎЛИМИ МУДИРИ, ТОЖИКИСТОН:

 - Бу ер жуда кўп ўтмиш сирларини ўз бағрига олган. Ҳар қадамда кўп асрлар муқаддам ишлатилган сопол идишлари бўлакларини топиш мумкин. Масалан, манави қадаҳ парчаси камида минг йил муқаддам ишланган.

Минг йиллар муқаддам цивилизациялар туғилган ва бир-бирининг ўрнини эгаллаган жой оҳанрабо каби туристларни ўзига тортади. Фақат ўтган йилнинг ўзида Ҳисор қалъасига 9 мингдан зиёд турист келиб-кетган.

НОТИХ ТОРАБИ, ТУРИСТ /ФРАНЦИЯ/:

 - Душанбега илк марта келишим. Бу ўлка тарихига кўпдан бери қизиқаман. Энди эса шу жойга келиш насиб қилди. Мен ҳали Ҳисор қалъасини тўла-тўкис айланиб чиқолмадим. Аммо унинг Эрон, Тожикистон, Афғонистон ва Ўзбекистон халқлари учун муҳим маданий ёдгорлик эканлигини яхши биламан.

МАСТОНА ОРИФОВА, ТОЖИКИСТОН ФУҚАРОСИ:

 - Ҳисор – бой тарихга эга шаҳар, тожик халқининг муҳим маданий мероси. У нафақат тожик халқи, балки Ўрта Осиёда яшаётган барча халқлар ифтихори. Мен шундай деб биламан.

Олимлар бу замин тарихини заррачалардан тиклаётганига бир неча ўн йил бўлди. Археологик қазув ишлари ва моддий далиллардан ташқари фактларни аниқлашда ёзма манбаларнинг ҳам аҳамияти катта. Бундай ҳужжатлар Миллий кутубхона жамғармасида сақланаяпти.

САЙЁРА КАРИМОВА,  ТОЖИКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ БЎЛИМИ БОШ МУТАХАССИСИ:

 - Энг қадимий китоб – Табарийнинг тарихий китоби, унда инсоният қандай пайдо бўлгани ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳажми ва вазнига кўра энг катта китоб – Сиёрий Шарифнинг Муҳаммад  пайғамбар ҳаёти ҳақидаги китоби. Шунингдек, 700 йил муқаддам тилла суви билан битилган  Қуръон ҳам бор. Кичкина Қуръон китоби эса литография усули билан чоп этилган, кафтда жойлашади ва лупа ёрдамида ўқилади, унинг вазни атиги 1,6 грамм. Шу бўлимда 12-асрда Ҳисор қалъасида табиий чармга ёзилган савдо шартномаси ҳам бор.

Ушбу кутубхонада жами 28 та китоб сақланадиган жой бор. Улар 10 мингта китобга мўлжалланган. Бугунги кунда жамғармада 6 миллиондан ортиқ асар сақланаяпти. 100 мингдан ортиқ китоб ва ярим миллионга яқин илмий мақола, диссертациялар рақамлаштирилган.

Хорижий адабиёт жамғармасида жаҳоннинг 42 тилида ёзилган 90 мингдан зиёд китоб бор. Жавонларда муҳим тарихий изланишлар, турли цивилизациялар маданияти ҳақида материаллар, шулар қаторида Қозоғистон ҳақида ёзма адабиётлар ҳам сақланади.

Кутубхонада 1 500 одамга мўлжалланган 25 та ўқув зали бор. Ташриф буюрувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.

РОЗА БЕКОВА, ТОЖИКИСТОН ФУҚАРОСИ:

 - Етти ёшимдан бошлаб кутубхонага қатнайман, шеър, эртаклар ўқийман. Қишлоқ ҳаёти, олам ҳақида шеърлар, «Доктор Айболит» ва бошқа эртаклар, «Ҳамма нарсани билишни истайман» деган китоб...

СИЁВУШ ҲАМИДОВ, ТОЖИКИСТОН ФУҚАРОСИ:

 - Менга тарихий китоблар жуда ёқади. Катта бўлганимда юртимиз ҳақидаги барча ҳикояларни билиб оламан. Яна энциклопедиялар варақлашни, эртаклар ўқишни севаман.

ЖЕНИС ЕРМУҚАНОВ, МУХБИР:

 - Мана шу деворда тожик халқининг 5 минг йиллик тарихи акс этган. Таниқли рассом Сабзали Шарипов мазкур фрескаларни 21 йил давомида яратган.

Тожикистон миллий кутубхонаси Марказий Осиёдаги энг йирик китоб хазинаси ҳисобланади. Унинг ноёб жамғармаси 45 минг квадрат метрли бинода жойлашган. Ташқаридан китоб шаклини эслатувчи улуғвор бино фасадида таниқли тожик ёзувчи ва мутафаккирлари бюстлари ўрнатилган.

ЖЕНИС ЕРМУҚАНОВ, МУХБИР:

 - Тожикистон ўз анъанавий кураши билан ҳам машҳур. Бирор миллий байрам полвонлар чиқишисиз ўтмайди. Бундай беллашувлар 5-6 асрдан буён анъаналар қаторига кирган.

Имомҳусайн Умаров Тожикистонда ҳам, Марказий Осиёда ҳам оммалашган кураш спортининг бир қанча турлари билан шуғулланади. Бунга ёшлигидан кўнгил қўйган. 3 ёшлигидан кураш туша бошлаган. У соғлом турмуш тарзи инсон ҳаётининг муҳим жиҳатларидан бири, деб ҳисоблайди. Имомҳусайн тиришқоқлиги билан Гиннесс рекордлар китобига ҳам кирган: 6 соат 20 минут давомида тўхтамасдан қўллари билан 11 минг марта гавдасини ердан кўтара олган.

ИМОМҲУСАЙН УМАРОВ, СПОРТЧИ:

 - Мен саккиз ёшдаман. Спортни севаман. Ҳар куни шуғулланаман. Орзуим – келажакда жаҳон чемпиони бўлиш.

Гуштингири – тожик миллик кураши усталарини халқ ичида полвонлар – паҳлавонлар деб аташади. Уларга алоҳида эътиром кўрсатилади ва эъзозланади.

БЕРУЗ ХЎЖАЗОДА, КУРАШ БЎЙИЧА ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ:

 - Мен жанговар самбо бўйича жаҳон чемпиониман. Бу унвонга эришгунимча 14 йил шуғулландим. Самбодан аввал мен узоқ вақт гуштингири билан шуғулланганман. Бугунги кунда кўплаб ёшлар айнан анъанавий кураш билан машғуллиги, бу борада беллашувлар ўтаётгани, курашнинг қадимий қонун-қоидалари сақланиб қолгани мени қувонтиради.

Бир қанча муҳим жиҳатларини ҳисобга олмасак, гуштингири қозоқча курашга жуда ўхшайди. Мавжуд фарқларга келсак, бу ерда оёқдан чалиш ва белбоғдан ушлашга рухсат берилган. Полвонлар шу тариқа рақибларини елкадан ошириб отадилар.

АБДУРАШИД КИШВАРЗОДА, «ГУШТЕНГЕРИ» КУРАШИ МИЛЛИЙ ФЕДЕРАЦИЯСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ: 

 - «Гуштингири» федерацияси халқаро мақомга чиқиши учун биз Наврўз нишонланадиган бошқа давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Туркманистон, Эрон ва Ҳиндистонда ҳам федерациялар ташкил қилишимиз керак. Бу борада кураш федерацияси, қирғиз миллий кураши, қозоқ миллий кураши билан музокаралар олиб борилаяпти. 

 - Тожикистон қадимий ва замонавий маданият бирлашиб кетган, анъаналари юқори қадрланадиган ва тарихий маъморий ёдгорликлар замонавий бинолар билан ёндашган ғаройиб мамлакат.