Қозоғистонда Ўзбекистон йили натижалари

Қозоғистонда Ўзбекистон йили натижалари

Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили поёнига етаяпти. У ҳар иккала томон учун самарали ва муҳим бўлди. Товар алмашинуви анча ортди, икки республика ўртасидаги сиёсий ва тадбиркорлик алоқалари мустаҳкамланди, маданий-гуманитар алоқалар янги даражага кўтарилди. Қозоғистонда Ўзбекистон йилига бағишланган 200 дан ортиқ тадбир ўтказилди. Улар икки томонлама муносабатларнинг барча соҳаларини қамраб олди, икки халқнинг бир-бирини янада яхшироқ ўрганишига имкон яратди.

САИДИКРАМ НИЯЗХОЖАЕВ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ:

– Чимкент, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтди, шу кунларда Қизилўрдада фильмлар намойиши давом этяпти. Айни пайтда ҳукумат топшириғи билан суратга олинган буюк қозоқ олими, шоири, давлат арбоби Абай Қўнанбаев фаолияти ҳақидаги фильм намойиши бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Хабарингиз бор, таваллуд куни арафасида, август ойида Тошкентда шоир музейи очилганди.

Кўргазмалар, мода саҳналари, концертлар – ўзбек санъати қозоғистонликларни бефарқ қолдирмади. Икки республиканинг йил давомидаги самарали ҳамкорлиги якунида  Ўзбекистон санъат усталари концерти бўлиб ўтди.

САИДИКРАМ НИЯЗХОЖАЕВ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ:

– Биз Қозоғистон аҳлини ўз маданиятимиз билан таништиришни истаймиз. Албатта, улар бундан хабардор, аммо орада маълум муддат мамлакатларимиз алоҳида ривожланди. Сўнгги бир ярим йил давомида муносабатларимиз стратегик ҳамкорликнинг янги даражасига кўтарилди ва икки давлат тарихида янги саҳифа очди.

2018 йил Қозоғистон ва Ўзбекистон тадбиркорлари учун ҳам самарали йил бўлди. Май ойида Чимкент шаҳрида бўлиб ўтган тадбиркорлар кенгашида томонлар умумий қиймати бир миллиард доллардан зиёд 60дан ортиқ шартнома имзолашди.