Экспортчилар қўллаб-қувватланади

Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳамда Марказий Осиёнинг тегишли тузилмаларига интеграция қилинган ҳолда яратилган миллий товар ташув тизими Евроосиё озиқ-овқат хабининг асосий инфратузилмасига айланади. Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов Марказий коммуникациялар хизматидаги брифингда маълум қилишича, Қозоғистонда фермерлар маҳсулотини сақлаш ва тарқатиш хизматларини амалга оширувчи 24 та улгуржи-тақсимот маркази яратилади. Шу кунларда мамлакатда шундай марказларнинг дастлабки еттитаси барпо этилмоқда.

БАХИТ СУЛТАНОВ,  ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САВДО ВА ИНТЕГРАЦИЯ ВАЗИРИ:

- Марказлар хўжаликлар, хусусан, шахсий томорқаларнинг хомашё хариди, маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотишдаги ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар товари сотилиши, улар даромади ошишини таъминлайди. Миллий тизим бир кластерда фермерлар, улгуржи олувчи, транспортчи, реализатор ва истеъмолчини бирлаштирувчи лангар инфратузилмага айланади.

Бахит Султанов айтишича, мамлакат экспортчилари ташқи бозорларда ўз маҳсулотини илгари суриш учун сарфлаган харажатининг бир қисми давлат томонидан қопланади. Йил бошидан буён умумий қиймати 4,7 миллиард тенгени ташкил қилган 186 буюртма тасдиқланди. Давлат қўллови дастури доирасида экспортчилар учун ягона рақамли дарча очилиши режалаштирилган.

БАХИТ СУЛТАНОВ,  ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САВДО ВА ИНТЕГРАЦИЯ ВАЗИРИ:

- Экспортчилар электрон шаклда ариза йўллаши мумкин, харажати қопланади. Бу жараён 7 кунлик муддатга қисқартирилади. Ҳозир 25-30 кунгача чўзилмоқда. Келажакда банклар иштирокида хизматларни кенгайтириш режалаштирилган. Шу тариқа, юртимиз экспортчиларига замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ёрдам кўрсатамиз.

Келгуси беш йил давомида экспортга йўналтирилган маҳаллий корхоналар сони икки марта ўсиши, 2025 йилга бориб, мингтага етиши режалаштирилган. Келажакда ҳар йили камида юзта Қозоғистон компаниясини ташқи бозорларга чиқишга тайёрлаш мўлжалланмоқда.

 

Фото: ehonews.kz​


×