Қозоғистон ва Туркия агросаноат соҳасида ҳамкорликни кенгайтирмоқда

Қозоғистон ва Туркия ветеринар препаратлар ҳамда вакциналар ишлаб чиқарувчи завод бунёд этиш ниятида. Йирик инвестициявий лойиҳа мамлакатлар ўртасида қатор шартномалар имзоланиши туфайли амалга ошадиган бўлди. Ишлаб чиқариш Туркистон вилоятида йўлга қўйилиши режалаштирилган.

ТЎРЕГЕЛДИҚАЛМУРАТОВ, ТАДБИРКОР:

- Турк инвестицияларини уч босқичда жалб этиш ниятидамиз. Биринчи навбатда ветеринар препаратлар ва вакциналар ишлаб чиқарувчи завод бунёд этилади. Қурилиш ишлари 2020 йилда бошланади. Корхона 2021 йилда фойдаланишга топширилади. Бу завод тўлиғича мамлакатимизга тегишли бўлади.

АБДУЛЛА ТУТАР, ТАДБИРКОР /ТУРКИЯ/:

- Юртингизда чорвачилик соҳаси яхши ривожланган. Шунинг учун молларни турли касалликлардан асраш жуда муҳим. Қозоғистондаги завод маҳсулоти келажакда қўшни мамлакатлар бозорларига ҳам чиқарилиши мумкин.

Шунингдек, Қозоғистон ва Туркия вакиллари Алмати вилоятида олма етиштирувчи питомник барпо этиш тўғрисида шартнома тузди.

СЕРИК САДИҚОВ, ҚОЗОҚ МЕВА-САБЗАВОТ ИЛМИЙ ИНСТИТУТИ БОШҚАРУВИ РАИСИ:

- Биз 20 миллион доллардан зиёд қийматдаги лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзоладик. Лойиҳа туфайли етиштирилган маҳсулот боғбонлар ва фермерларнинг сифатли кўчатларга бўлган эҳтиёжини қондиради. Мазкур лойиҳа доирасида махсус лаборатория ҳам қурилиши режалаштирилган. Натижада, Алмати, Туркистон ва Жамбил вилоятлари ниҳоллар билан тўлиқ таъминланади. Биз энг серҳосил навлар билан ишлаймиз.

Икки давлат ўртасида тузилган шартномаларга мувофиқ Павлодар вилоятида шакар ишлаб чиқарувчи завод бунёд этилади. Шунингдек, турк тадбиркорлари қулупнай, қанд лавлаги ва мойли ўсимликлар етиштиришга сармоя киритиш ниятида.

 

Фото: 24.kz


×