Қозоғистонда парранда гриппи хуружи пасайгани кузатилмоқда

Қозоғистонда парранда гриппи хуружи пасайгани кузатилмоқда

Қозоғистонда парранда ўлати кунига 22 бошгача камайган. Бу ҳақда Ижтимоий коммуникациялар марказида бўлиб ўтган брифингда республика Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ветеринар текширув ва назорат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Турсин Қабдулданов маълум қилди. Сентябрь ўрталаридан бошлаб касаллик авж олгани туфайли мамлакатнинг 7 та вилоятидаги 78 та аҳоли яшаш манзилида карантин жорий этилганди. Парранда гриппи Ақтўбе ва Туркистон вилоятларида, Чимкентда, шунингдек, Ақмўла, Жамбил, Қизил Ўрда ва Шимолий Қозоғистоннинг бир нечта туманида кузатилмаган.

ТУРСИН ҚАБДУЛДАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРЛИГИНИНГ ВЕТЕРИНАР ТЕКШИРУВ ВА НАЗОРАТ ҚЎМИТАСИ РАИСИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Парранда гриппи билан боғлиқ вазият барқарорлашмоқда. Компенсация тўлаш бошланди. Шу пайтгача 75 миллион тенге берилди. Яна 15 минг қуш нобуд бўлгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бу борада тегишли чоралар кўрилади.

Мутахассислар таъкидлашига кўра, жаҳонда эпидемиологик вазият таранглигича қолмоқда. Касаллик 26 та давлатда тарқалгани аниқланган. Масалан, Россияда вирус бир ярим миллиондан зиёд паррандага қирон келтирган. Шу сабабли, Қозоғистонда эпидемия бошлангани ҳамоно парранда гриппига қарши қўшимча равишда яна тўрт миллиондан ошиқ дозада вакцина ажратилган. Бугунги кунда Ақмўла, Шарқий Қозоғистон, Қизил Ўрда вилоятлари ва Нур-Султонда эмлаш ўтказилган.

 

Фото: inform.kz


×