Сенат депутатлари қишлоқ хўжалиги соҳасини рақамлаштиришни таклиф қилди

Қозоғистон сенаторлари қишлоқ хўжалигида ишончли статистика зарурлигига эътибор қаратди. Қанча ҳосил йиғилгани, уруғлик сифати, турли зараркунанда ва касалликлар тарқалган  майдонлар қанча – тўла маълумот йўқ... Соҳани тўлиқ рақамлаштириш мавжуд вазиятдан чиқиш йўли бўлиши мумкин. Халқ вакиллари шундай йўл тутилса, объектив маълумотлар олиш мумкинлигига ишонади.

АХИЛБЕК КУРИШБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СЕНАТИ  ДЕПУТАТИ:

– Барча ривожланган мамлакатларда ерларни масофадан кузатиш технологиясини жорий этишдан аввал ҳар бир минтақадаги ер майдони учун аэрокосмик суратларни расшифровкалаш, ягона маълумотлар базаси яратиш ишлари амалга оширилган. Бу иш амалга оширилмаса, тўлақонли маълумот тўплаш имконсиз. Бизнинг агросаноат мажмуасини рақамлаштиришда эса бундай қилинмаяпти. Яна ишни нотўғри бошлаяпмиз. Бу эса ерни космосдан кузатиб бориш учун сарфланаётган кўп миллиардли давлат инвестициялари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Депутатлар чорвачиликда ҳам рақамли форматга ўтишни таклиф қилмоқда. Жониворларни рўйхатга олиш тизими ва ветеринария ҳужжатлари юритишни тўлиқ автоматлаштириш ва хатога йўл қўймаслик зарур.  Уни амалга ошириш учун эса аввалига синов лойиҳасини бирорта минтақада ишга тушириш, сўнгра бутун мамлакат бўйлаб иш олиб бориш керак, дейди Ахилбек Куришбаев.

АХИЛБЕК КУРИШБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СЕНАТИ  ДЕПУТАТИ:

– Қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялардан фойдаланиш ундаги аҳволга оид маълумотлар ҳаққонийлигини оширади, айни вақтда бир неча минглаб ҳокимлик ходимларини турли маълумотлар ва ахборот йиғишдан озод қилади. 

Рақамлаштиришдан мақсад – чиқарилаётган маҳсулот сифатли бўлиши ва меҳнат захираларидан фойдаланишда соҳа самарадорлигини имкон қадар ошириш.

 

Фото: globalcentre.hse.ru


×