Қозоғистонда халқаро инвесторлар ҳафталиги ўтказилади

Қозоғистонда халқаро инвесторлар ҳафталиги ўтказилади

Қозоғистон пойтахтида 5 октябрдан халқаро инвесторлар ҳафталиги бошланади. Бу сафар ушбу тадбир онлайн тартибда ўтади. Тадбир душанба куни бошланади ва 9 октябргача давом этади. Анжуман ташкилотчилари - «Астана» халқаро молия маркази мутахассислари қозоғистонликларга молиявий хизматлар истеъмолчиларини ҳимоялаш ва инвестиция киритиш  асосларини ўргатиш ниятида. Унда ҳар бир ватандошимиз қатнашиши мумкин. Нотиқлар -  «Астана» халқаро молия маркази экспертлари, шунингдек, жамғарма бозорлари, молиявий технологиялар, яшил ва ислом молиялаштириш, қимматли қоғозлар бозорлари воситалари, шунингдек, узлуксиз профессионал таълим бўйича халқаро ва мамлакатимиз мутахассислари. Халқаро ҳафталик жаҳоннинг 80 мамлакатида Қимматли қоғозлар халқаро комиссиялари ташкилоти (IOSCO) томонидан ўтказилади.

«IOSCO молия бозорлари бошқарувчиларини бирлаштирувчи халқаро ташкилот бўлиб, унинг иштирокчилари дунёдаги молия бозорларининг 95 фоизини назорат қилади. Халқаро ҳафталик ўтказилиши «Астана» халқаро молия марказининг молия хизматлари истеъмолчилари манфаатларини ҳимоя қилишини кўрсатади», дейилади «Астана» халқаро молия маркази тарқатган маълумотда.

Ўтган йиллари бу тадбир офлайн-лекциялар шаклида ўтказилган. Уларда Қозоғистоннинг 7 шаҳридан  5 минг одам қатнашган.

 

Фото:24.kz 


×