Қозоғистонда қайта ишлаш саноати ўсиши кузатилмоқда

Қозоғистонда қайта ишлаш саноати ўсиши кузатилмоқда

Бош вазир Асқар Мамин раислигида бўлиб ўтган Ҳукумат йиғилишида мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти 7 ойлик натижалари хусусида Миллий иқтисодиёт вазири Руслан Даленов маълумот берди.
Ушбу давр мобайнида қайта ишлаш саноати 3,8 фоизга ўсгани кузатилди. Шу жумладан, фармацевтика, тайёр металл буюмлар ишлаб чиқариш, машинасозлик, шу жумладан, автомобилсозлик ҳамда енгил саноатда катта ўзгаришлар юз берган.

«Минтақаларга келганда, Қўстанай (18,9 фоиз), Туркистон (15,8 фоиз), Шимолий Қозоғистон (8,8 фоиз) вилоятларида ўсиш катта. 4 минтақа – Ақтўбе (-4,4 фоиз), Павлодар (-0,8 фоиз) ва Ғарбий Қозоғистон (-0,1 фоиз) вилоятларида  ва Чимкентда (-1,1 фоиз) пасайиш кузатилган», деди вазир.

Умуман олганда, Руслан Даленовнинг айтишича, ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалиги (2,5 фоиз) ва қурилишда (6,3  фоиз) ҳам ўсиш бирмунча юқори бўлган.

«Чимкент шаҳри ва Туркистон вилоятида қурилиш ҳажми кўтарилган. 7 миллион квадрат метрдан зиёд уй-жой фойдаланишга топширилган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5  фоиз кўп».

Шу билан бирга, вазирнинг айтишича, ўтган даврда нефть қазиб олиш ва тоғ-кон корхоналарига сервис хизмати кўрсатиш ҳажми камайган. Натижада, тоғ-кон соҳасида 0,4 фоизга пасайиш кузатилган.

«Тоғ-кон секторининг бошқа йўналишларида ижобий ўзгаришлар давом этмоқда, кўмир қазиб олиш 2,6  фоизга, металл рудалари қазиб олиш 2,3  фоизга, табиий газ қазиб олиш  0,9 фоизга ортди», деди Р. Даленов.

Ўз нутқининг ниҳоясида Р. Даленов марказий ва маҳаллий ижро органлари жорий йилнинг қолган қисмида иқтисодий ўсишни тиклаш бўйича мажмуавий режани рўёбга чиқаришга ғайрат қилиши лозим.

 

Фото: baigenews.kz