БМТ «онлайн хизмат кўрсатиш» индикатори рейтингида Қозоғистон - 26-ўринда

БМТ «онлайн хизмат кўрсатиш» индикатори рейтингида Қозоғистон - 26-ўринда

БМТ рейтингида электрон ҳукуматни ривожлантириш борасида Қозоғистон 39-ўринни эгаллади, «онлайн хизмат кўрсатиш» индикатори бўйича эса 26-ўринни, киберхавфсизлик даражасида эса 40-ўринни қўлга киритди.

Бугунги кунда мамлакат Интернет қулайлиги бўйича жаҳонда етакчилардан – республикада 1 Гб интернет қиймати 0,49 долларни ташкил қилади, аҳолини қамраб олиш – 84,2 фоиз, мисол учун, Украинада ушбу кўрсаткичлар – 0,51 доллар/62,5 фоизни, Хитойда – 9,89 доллар/61,2 фоизни, АҚШда – 12,37 доллар/87,3 фоизни кўрсатган.

Қозоғистон аҳолисининг рақамли саводхонлик даражаси 82,1 фоизга етди. Мамлакатда 83,7 фоиз давлат хизматлари онлайн-режимда тақдим этилади, 7 мингга яқин IT-компания рўйхатга олинган.

Бу ҳақда ҚР Президенти ҳузуридаги Рақамлаштиришни жорий этиш масалалари бўйича мамлакат Бош вазири раислигидаги комиссия йиғилишида маълум қилинди.

«Рақамли Қозоғистон» Давлат дастурини амалга оширишдан кўринган умумий иқтисодий эффект 2018-2019 йилларда 802,5 миллиард тенгени ташкил қилган. 700 та норма, 11 кодекс ва 58 та қонунга тузатиш ва ўзгартиш киритилган.

Айни пайтда Қозоғистонда углеводород хомашёси конларидан фойдаланиш ҳуқуқи бўйича аукционлар ўтказилади. Бу жараённинг барча босқичида қоғозбозликдан воз кечиш имконини беради. Бош вазир Асқар Мамин республика Энергетика вазирлигига мазкур лойиҳа рўёбини йил сўнгига қадар якунлаш топшириғини берди.

Саноат ва инфратузилмавий тараққиёт вазирлиги олдида эса бир ойда «Саноат 4.0» платформаси ривожи, «Рақамли модель фабрикалар» лойиҳасини кенгайтириш бўйича тадбирлар режасини тузиб чиқиш вазифаси турибди.

Эслатамиз, «Рақамли модель фабрикалар» меҳнат унумдорлигини 25 фоизга оширади, ресурс самарадорлигини эса 18 фоиз, ускуналар яроқлилик муддатини 5 фоизга яхшилаб, саноат харажатлари ва энергия сарфини камайтиради.

«Индустрия 4.0» платформаси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, бу лойиҳа ишлаб чиқариш жараёнларини роботларни қўллаш орқали автоматлаштиришга йўналтирилган, сунъий онгдан фойдаланиш суръати ошади. Платформа молиявий, ахборот сервислари, савдо майдончалари ва технология трансфери тизимини бирлаштиради, унинг кўмагида республикада «Smart Industry Management»  аналитик базасини татбиқ этиш мўлжалланган.

«Саноат 4.0» платформаси, биринчи навбатда, қайта ишлаш саноати, тоғ-металлургия ва ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналари учун мўлжалланган.

Умуман, «Рақамли Қозоғистон» Давлат дастури режасига кўра, турли соҳаларда 10 та технологик платформа татбиқ этилиши кўзда тутилган, булар: «Govtech», «Smart city», «Industry 4.0», «Agritech», «Blockchain», «Space-Geotech», «AI» (Сунъий интеллект), «E-Industry», «Fintech», «Greentech».

 

Фото: 365info.kz