Қозоғистон – жаҳон зангори олов бозорида

Қозоғистон – жаҳон зангори олов бозорида

Республика жорий йилда Хитой ва Швейцарияга газ етказиб беришни оширди. Жами бўлиб, Қозоғистон январь-апрель ойларида 6,3 миллиард куб метр табиий газ экспорт қилган.

Қозоғистон табиий газининг асосий импортчиси Хитой бўлди: ушбу мамлакатга тўрт ой мобайнида 2,7 миллиард куб метр табиий газ  экспорт қилинган бўлиб, умумий сумма 566,1 миллион долларни ташкил қилган. Хитойга экспортнинг йиллик ўсиши соф қийматда 7,4 фоизни кўрсатди, фойда эса 2,5 фоизга ошди. Эслатамиз, Қозоғистон Осмоности мамлакатига газ экспортини 2017 йилда бошлаган. Ўша пайтда мустақиллик йилларидаги юртимиз тарихида энг йирик лойиҳа амалга оширилган: «Бейнеу-Бозой-Чимкент» газ ўтказиш йўли очилди, бу “Қозоғистон-Хитой” магистраль газ ўтказиш йўлини “С” чизиғи билан туташтирувчи шимолий қисмига айланган.

Шунингдек, 2020 йилнинг январь-апрель ойларида МДҲ давлатларига 2,1 миллиард куб метр табиий газ экспорт қилинган, умумий сумма эса 101,5 миллион долларга тенг. Бунда асосий харидор Россия бўлди, Ҳамдўстлик мамлакатларига юборилган Қозоғистон зангори оловининг 75,5 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келди.

Умуман, республика йилни газ қазиб чиқаришнинг 7,2 фоизлик кўрсаткичи билан бошлади. 2020 йилнинг дастлабки 5 ойида суюқ ё газ шаклидаги табиий газ қазиб олиш 24,8 миллиард куб метрни ташкил этди. “energyprom.kz” сайти Қозоғистон Республикаси МИВ Статистика қўмитасига ҳавола қилган ҳолда, шундай маълумот тарқатган. Газ шаклидаги табиий газ улуши 40,3 фоиз ёки 10 миллиард куб метрни, нефтдан чиқариладиган газ улуши 59,7 фоиз ёки 14,8 миллиард куб метрни ташкил қилган. Фойда эса 141,9 миллиард тенгени кўрсатди.

Ҳудудлар кесимида табиий газ қазиб олишдаги энг йирик ҳажм Атирау вилояти ҳиссасига тўғри келган. Мамлакат умумий ҳажмининг 45,3 фоизи унинг зиммасида бўлиб, бу 11,2 миллиард куб метр газ, дегани. Ўсиш кўрсаткичи йилига 18,6 фоиз. Шунингдек, Ғарбий Қозоғистон вилояти ҳам асосий газ етказувчилардан, республика умумий ҳажмининг 36,6 фоизи унинг ҳиссасига тўғри келган бўлиб, бу 9,1 миллиард куб метрга тенг - бунда ўсиш 5 фоизни кўрсатди. Ақтўбе вилоятида эса 10,5 фоиз ёки 2,6 миллиард куб метр газ қазиб олинган.

Таъкидлаш керакки, охирги беш йилда газ ишлаб чиқариш соҳаси мамлакат нефть-газ сектори драйверига айланди ва ҚР иқтисодиётига улкан ҳисса қўшмоқда.

Бундан ташқари, юртимиз газ саноати тараққиёти темпига кўра МДҲ давлатлари орасида етакчи. Эслатамиз, 2019 йил сўнгида Қозоғистонда мамлакат Биринчи Президентининг “Бешта ижтимоий ташаббус”и доирасига кирувчи “Қизил Ўрда-Нур-Султон” йўналишидаги “Сариарқа” магистраль газ ўтказиш йўли қурилиши тугалланди. Бу йўл пойтахт ва мамлакатнинг марказий ҳудудларини маҳаллий зангори олов билан таъминлаш имконини беради.

 

Фото: kapital.kz