Молиявий барқарорлик чоралари кўрилади

«Қора душанба» асоратлари кўплаб мамлакатлар иқтисодиётига таъсир кўрсатиши мумкин. Қозоғистон жаҳон миқёсида юзага келган нефть бозори титроқлари республика иқтисодиётига таъсирини юмшатиш учун бор кучини сарфлайди. Мамлакат ҳукумати устувор бўлмаган бюджет харажатларини қисқартириш ниятида. Бунда юз миллиарддан уч юз миллиард тенгегача тежалиши кўзда тутиляпти. Вазирлар маҳкамаси йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири Руслан Даленов шу ҳақда маълум қилди. Унинг айтишича, давлат имиж ва консалтинг тадбирларини қисқартириш, шунингдек, давлат органларида ортиқча чиқимларни оптималлаштириш ниятида. Шунингдек, қатор инвестициявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш тўхтатилади. Ҳукуматда таъкидланишича, айни вақтда аҳоли олдидаги барча ижтимоий мажбуриятлар бажарилади. Пенсия ва нафақаларни индексациялаш миллий валютанинг янги курси ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

АСҚАР МАМИН, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИ:

- Салбий ташқи конъюнктуранинг миллий иқтисодиётга таъсирини минималлаштиришга йўналтирилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилди. Бундай фаолият юритишдан мақсад – аҳоли фаровонлигини қўллаб-қувватлаш. Ҳеч бир фуқаро мураккаб вазиятда қолмаслиги керак.

Мамлакат молия бозорини барқарорлаштириш бўйича Қозоғистон Миллий банки ҳам қўшимча чора-тадбирлар кўриш ниятида. Бу ҳақда молиявий созловчи ташкилот раҳбари Ербўлат Дўсаев маълум қилди. Унинг айтишича,   жаҳон нефть бозорида нархларнинг кескин пасайиши муносабати билан Миллий банк базавий ставкани 9,25 фоиздан 12 фоизгача кўтарди.

ЕРБЎЛАТ ДЎСАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ БАНКИ РАИСИ:

- Базавий ставка кўтарилиши макроиқтисодий ва молиявий барқарорликка эришиш, ташқи бозорларнинг ички нархларга салбий таъсир кўрсатишининг олдини олиш ва долларлашиш даражасини пасайтириш учун имконият яратади. Миллий Банк тенге алмашлаш курси эркин белгиланиши тартибига содиқ. Шу билан бирга, ўзгараётган шароитларда молиявий тизим барқарорлигини сақлаш учун валюта интервенциялари ўтказилиши ҳам истисно қилинмайди.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, макроиқтисодий барқарорликни сақлаш мақсадида, Давлат раҳбари топшириғига биноан,  республикада Асқар Мамин раҳбарлигида оператив штаб тузилди.

Фото: primeminister.kz