Экспертлар: Қисқа муддатли нефть нархи пасайиши Қозоғистон иқтисодиётига таъсир кўрсатмайди

Нефть нархи яна юқорига қараб силжий бошлади. Brent маркали “қора олтин” нархи бугунги тонгги савдоларда баррелига 36 долларга чиқди. Эслатамиз, ОПЕК+ мамлакатларининг Россия ва бошқа ташкилот ҳамкорлари билан нефть қазиб олишни камайтириш тўғрисидаги музокаралари натижасиз тугагани туфайли нарх деярли қирқ фоизга пасайган ва баррелига 31 долларни ташкил қилганди.

АРМАН БАЙҒАНОВ, ИҚТИСОДЧИ:

- Ушбу вазият ОПЕК ташкилоти таназзулининг дебочаси, дейиш мумкин. Воқеалар домино тамойилида ривожлана бошлайди. Энг кучли нефть компаниялари омон қолади. Ҳар бири нефть ҳажмини ошира бошлайди. Саудия Арабистони ҳам, Ироқ ҳам, бошқа йирик компаниялар ҳам.

Айни вақтда, экспертлар нефть нархининг қисқа муддатли тушиши Қозоғистон иқтисодиётига катта таъсир кўрсатмайди, деган фикрда. Улар айтишича, бир баррель нефть нархи 20 долларгача пасайса ва бир қанча ой давомида шундай сақланиб турсагина, аҳвол кескинлашади. Бундай вазиятда Миллий жамғармани очиш ва трансфертларни кўпайтиришга тўғри келади. Энг оғир вазият юз берган тақдирда Миллий жамғарма захиралари қанча вақтга етиши юзасидан тахминлар айтилди. Амалий иқтисодиёт тадқиқотлари маркази бошқарувчи-директори Ўлжас Тулеуов ҳисобига кўра, бир баррель нархи 10-20 долларга тушиб кетган тақдирда ҳам, захира 6-7 йилгача етади. Унинг фикрича, мамлакат банк тизими жаҳон бозорларида юз бераётган кескин ўзгаришларга тайёр.

ЎЛЖАС ТУЛЕУОВ, АМАЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ТАДҚИҚОТЛАРИ МАРКАЗИ БОШҚАРУВЧИ-ДИРЕКТОРИ:

- Банклар капитали етарли, улар бугунги кунда юз бериши эҳтимол бўлган турли кескин ўзгаришларга бардош бера олади. Бу масалада вазиятни ўрганиш учун чуқур тадқиқотлар ўтказишга эҳтиёж бор.

Иқтисодчилар қозоғистонликларни пулларини хорижий валютага алмаштиришга шошилмасликка, расмий савдони кутишга чақирди. Масалан, 100 минг тенгени алмаштиришдан ҳеч қандай фойда йўқ.

Фото: ria.ru