Қозоғистон асосий ёғ-мой етказувчига айланади

Қозоғистон 2025 йилга бориб, Марказий Осиё мамлакатларига ёғ-мой маҳсулотларини етказиб берувчи асосий давлатга айланмоқчи. Бунинг учун мамлакатимиз корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, ускуналарни модернизация қилмоқда, қайта ишлашда илғор технологиялардан фойдаланяпти. Қозоғистон Ёғ-мой иттифоқи президенти Константин Невзоров айтишича, мамлакатда йилига 450 минг тонна атрофида маҳсулот чиқарилади, унинг ярмидан зиёди қўшни республикаларга экспорт қилинади.

КОНСТАНТИН НЕВЗОРОВ, ҚОЗОҒИСТОН ЁҒ-МОЙ ИТТИФОҚИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Корхоналаримиз халқаро стандартларга мувофиқ юқори сифатли маҳсулот чиқариши билан ўзини кўрсата олди. Қозоғистонда иш юритаётган тадбиркорлар замонавий майонез, энг янги русумдаги маргарин линияларидан фойдаланмоқда. Бу маҳсулотни ишлаб чиқариш учун бугунги кунда трансёғлардан фойдаланишга чек қўйилган.

2018 йилни Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда кескин илгарилаш йили деб эълон қилди. Товар алмашинувида катта ўсиш кузатилмоқда. 2018 йилда бу кўрсаткич 3 миллиард доллар бўлган бўлса, жорий йилда 5 миллиардлик маррага етиш режалаштирилган. Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон энг кўп ёғ-мой маҳсулотлари сотиб олаётган давлатлардан бири.

КОНСТАНТИН НЕВЗОРОВ, ҚОЗОҒИСТОН ЁҒ-МОЙ ИТТИФОҚИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Ўзбекистон Республикасида, биринчидан, ёғ-мой маҳсулотлари жон бошига ҳисоблаганда анча кўп истеъмол қилинади. Масалан, Қозоғистонда ҳар бир одамга 9 литр рафинация қилинган ёғ тўғри келса, бу кўрсаткич Ўзбекистонда 14 литрга тенг. Бу рақамни аҳоли сонига кўпайтирсак, мамлакат ички бозорини таъминлаш учун қанча маҳсулот зарурлигини тасаввур қила оламиз.

Фото: ​inbusiness.kz