Қозоғистонда ҚТЭМ соҳасига 600 миллион долларга яқин инвестиция жалб этилади

Ўтган йили Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган “яшил” энергия миқдори деярли 80 фоизга ортди ва 2,4 миллиард киловатт-соатга етди. Айни вақтда умумий ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи энергия манбалари улуши 2,3 фоизни ташкил қилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 3 фоизга етиши кутиляпти. Энергетика вазирлиги вакиллари тарқатган маълумотга кўра, жорий йилда мамлакатда 18 та янги лойиҳа ишга туширилади. 200 мегаватт қувватга эга Жамбил вилоятидаги ва пойтахт яқинидаги иккита йирик шамол энергетика станциялари – шулардан. Умуман олганда, жорий йилда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасига 600 миллион доллар атрофида хусусий инвестициялар жалб этилади.

АЙНУР СЎСПАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРЛИГИ ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ЭНЕРГИЯ МАНБАЛАРИ ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОРИ:

- Қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини рўёбга чиқариш орқали Қозоғистон парник газлари чиқаришни камайтириш бўйича зиммасига олган халқаро мажбуриятларини бажара олади. Эслатаман, мамлакатимиз Париж иқлим шартномасига қўшилган, аввалроқ биз Киото протоколи иштирокчиси эдик. Шунинг учун ҳам Қозоғистон халқаро миқёсда карбонат ангидрид чиқариш даражасини камайтириши зарур. Қайта тикланувчи энергия манбалари эса бу борада энг самарали усуллардан бири. Қозоғистон халқаро доираларда нуфузга эга, айни вақтда биз қўшни давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишларни кузатиб боряпмиз. Бизнинг тажрибамизни кўчираётганлар ҳам бор.

Фото: egemen.kz