АСМнинг экспорт салоҳияти ортади

Қозоғистон 2024 йилга бориб мамлакат ташқарисига экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 50 фоизи қайта ишланган бўлишига эришмоқчи. Бу вақтга келиб, агросаноат мажмуаси маҳсулотлари экспорти ҳажми 4 миллиард долларга етиши мўлжалланган. Бу ҳақда тегишли маҳкама раҳбари ўринбосари Рустем Қурманов маълум қилди.

РУСТЕМ ҚУРМАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Биз нега бунга интиляпмиз? Юқори даражада қайта ишлаш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун янада кўпроқ даромад келтиради. Ун экспорти масаласини алоҳида кўриб чиқамиз. Биз бу мавқени сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз. Масалан, унни қайта ишланган ҳолда етказамиз. Сариёғ юборамиз. Булар сақлаб қолинади. Экспорт рўйхатида янги маҳсулотлар пайдо бўлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, мамлакат аграр соҳа маҳсулотлари жаҳоннинг 40 дан ортиқ давлатида ўз харидорини топмоқда. Хорижий бозорларга асосан ун, ёрма, ёғлар ва сариёғ, қандолат маҳсулотлари, балиқ, шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотлари жўнатилади.

РУСТЕМ ҚУРМАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Зироатчилик маҳсулотларини кўпроқ Ўзбекистон, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон истеъмол қилади. Яъни бу давлатларга асосан зироатчилик ва уларнинг қайта ишланган маҳсулотларини юборамиз. Хитойга асосан ёғ, гўшт маҳсулотлари боради, бу бозорда қандолат маҳсулотлари яхши сотилади. Сут маҳсулотларидан музқаймоқ кўп юборилади. Эрон бозори билан алоқа яхши ривожланмоқда. Бу йўналишда сўнгги вақтда гўшт жўнатиляпти. Европага зиғир, зиғир толаси, мойли ўсимликлар етказиб берилади.

Соҳа экспертлари қишлоқ хўжалиги мажмуасига хусусий капиталларни олиб кириш зарурлигини алоҳида таъкидлайди. Улар айтишича, ўтган йили асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 500 миллиард тенгени ташкил қилди.

Фото: vteme.kz