Мамлакатда инвестиция миқдори деярли 40 фоизга ўсди

Мамлакат қишлоқ хўжалигига киритилаётган инвестиция миқдори деярли 40 фоизга ўсди. Тегишли маҳкама вакиллари тарқатган маълумотга кўра, мамлакат агросаноат мажмуасига ўтган йил 11 ойи давомида келтирилган сармоя миқдори 429 миллиард тенгени ташкил қилган. Айни вақтда, бу маблағнинг 80 фоизини инвестор ва тадбиркорларнинг шахсий маблағлари ташкил қилади. Шуни ҳам айтиш керак, инвестицияларнинг катта қисми - 93 ярим миллиард тенге асосий ғаллакор вилоят – Шимолий Қозоғистонга тўғри келади. Павлодар минтақасида эса инвестициялар ҳажми 2018 йилга нисбатан уч марта ўсгани кузатилди. 

МУХАМБЕТ ЖЕКЕЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ВАЗИРЛИГИ ДЕПАРТАМЕНТ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Инвесторлар учун солиқдаги енгилликлар, субсидиялаш каби маълум шарт-шароитлар яратиляпти. 2019 йил, умуман олганда, қишлоқ хўжалигига инвестиция жалб этиш масаласида муваффақиятли бўлди. Хорижлик ҳамкорлар билан узоқ муддатли муносабат ўрнатишда дастлабки муваффақиятли қадамлар қўйилди.

Экспертлар айтишича, ўтган йил қишлоқ хўжалиги соҳасига қўшимча маблағлар жалб этишдан ташқари, мамлакатимизнинг пешқадам агрогигантлар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришида ҳам анча самарали бўлди.

МУХАМБЕТ ЖЕКЕЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ВАЗИРЛИГИ ДЕПАРТАМЕНТ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Ўтган йили Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Германияга сафари давомида мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлиги ушбу давлат Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири  билан ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин АҚШга сафари давомида ушбу мамлакат агробизнесида етакчи  ўрин тутган инвесторлар билан Қозоғистонда гўштни қайта ишлаш ва суғориш ускуналари заводлари барпо этиш тўғрисида муҳим шартномалар имзолади. Қишлоқ хўжалиги вазири Сапархан Умаров Аргентина, Грузия, Германия, Эрон каби мамлакатларнинг тегишли ташкилот раҳбарлари билан агросаноат мажмуини ривожлантиришга оид қатор меморандум ва шартномаларга эришди.

Фото: matritca.kz