Қозоғистон: 2019 йилнинг иқтисодий якунлари

2019 йилда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти режаланган кўрсаткичдан юқори бўлди ва 4 фоиздан ортди. Экспертлар айтишича, бунга кўп жиҳатдан ишлаб чиқариш ўсиши ва хизматлар сектори ривожланиши туфайли эришилди. Кўрсаткичлар ўсишида нохомашё сектори улуши юқори.

Миллий иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, саноат ўсишда давом этган. 2019 йил 11 ойи давомида ишлаб чиқариш ҳажми 3,6 фоизга юксалди. Қайта ишлаш сектори 3,8 фоизга жадаллашди. Бунда машинасозлик ва фармацевтика ривожи асосий ўрин тутди. Тоғ-кон саноатида ўсиш 3,7 фоизни кўрсатди. Қурилиш соҳасида ўзгаришлар катта – иш ҳажми ўтган йилгидан 12,1 фоизга ортган. Айни вақтда, хизматлар соҳасида ҳам тадбиркорлар фаоллашгани кузатилди. Шу жумладан, савдо соҳасида кўрсатилган хизмат ҳажми 7,5 фоизга ўсди.

ЖОВАННИ КАПАННЕЛЛИ, ОСИЁ ТАРАҚҚИЁТ БАНКИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ВАКОЛАТХОНАСИ ДИРЕКТОРИ:

- Дастлабки тахминларга кўра, жорий йилда Қозоғистон иқтисодиёти 3,8 фоизга ўсишини кутгандим. Аммо йилнинг 3 чораги натижаларини кўриб, шу даврда умумий ўсиш 4,3 фоизга етганини аниқладик. Натижада, йиллик ўсиш бўйича прогнозларни қайта кўриб чиқдик. Аслини олганда, иқтисодий тадқиқотлар бўлими жорий йилда Қозоғистон ялпи ички маҳсулоти ўсиши 4,1 фоизга тенг бўлади, деб ҳисоблаяпти. Аммо мен бу давлат янада юксак кўрсаткичга эришади, деб ишонаман.

Яна бир аҳамиятли фактор – инвестицион фаоллик. 2019 йил бошидан буён Қозоғистонга деярли қирқ нафар янги хорижий инвестор келди. Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида республика иқтисодиётига 120 мамлакатдан 330 миллиард доллар жалб қилинган. Бугунги кунда республикада хорижий капитал иштирок этаётган деярли 17 минг компания фаол иш юритмоқда.

МУСТАФА ЯВУЗ, ИНВЕСТОР /ТУРКИЯ/:

- Биз электроника соҳасида иш юритамиз. Узоқ Шарқ ва Германияга инвестиция киритганмиз. 9 ой муқаддам Қозоғистонга маблағ киритишга қарор қилдик. Юртингизда уч даражали тизим воситасида қулай шарт-шароит яратилган. Қисқа муддатларда биз банк, мобиль алоқа, савдо ва бошқа соҳаларда электрон хавфсизлик тизимини ишга тушириш ниятидамиз.

Кичик ва ўрта бизнес сегменти ҳам иқтисодий ривожланишга улуш қўшди. Ноябрь охиригача мамлакатдаги кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари сони 7,8 фоизга ортди ва 1 миллион 300 мингтага етди. Умуман олганда, экспертлар фикрича, жаҳон миқёсида савдо қисқаргани ва ташқи иқтисодий факторларга қарамай Қозоғистон барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қола олган. Бу муваффақиятда саноатлаштириш, инвестиция жалб этиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурларининг ҳиссаси катта.

Фото: 365info.kz