Қўстанай вилояти деҳқонлари юқори кўрсаткичга эришди

Қўстанай вилоятининг ҳосил учун курашда юқори кўрсаткичларга эришган “Ўлжа агро” ғаллакорлик холдинги миришкорлари қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилишдан миллионер бўлиб қайтди.

Жорий йилда, ҳаддан ташқари қурғоқчилик кузатилганига қарамай, ушбу корхона жамоаси 280 минг тоннадан зиёд буғдой етиштиришга муваффақ бўлди.

Бу эса вилоятда етиштирилган ҳосилнинг ўндан бир қисми, дегани. Муваффақиятга, асосан, янги технологиялар туфайли эришилди.

АЛЕКСЕЙ ЕРИН, «ЎЛЖА АГРО» МЧБ АГРОБЎЛИМИ БОШЛИҒИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

- Бизда гектарига 37 центнердан буғдой ҳосили олганлар бор. Об-ҳаво шароити – ўз йўлига, аммо биз аввало униб чиқиш меъёрига мослиги, уруғ чуқур экилгани, бўш қолдирилган ерларга ишлов масаласига эътибор қаратдик.

Қурғоқчиликка қарамай, холдинг далаларида ўртача ҳосилдорлик гектаридан 14 центнерни ташкил қилди ва вилоят кўрсаткичларидан деярли 2 марта ортди.

АЙДАРБЕК ХЎЖАНАЗАРОВ, «ЎЛЖА АГРО» БОШ ДИРЕКТОРИ:

- Холдингимиз ўтган йилгидан ҳам юқори самарага  ниманинг ҳисобига эришди? Агротехнологиялар – муваффақият гарови. Шунингдек, касбни ҳам севиш зарур. Самарадорлик, тиришқоқлик билан ишлаш лозим. Чунки қишлоқ хўжалиги қўл қовуштириб турганларни ёқтирмайди.

Компанияда одамларга эътибор ўзгача. Бу ерда деҳқончилик ҳам нуфузли, ҳам фахрли касб, дейишади. Ишлаб чиқариш илғорлари медаллар, ёрлиқлар ва салмоқли мукофотлар билан рағбатлантирилади. Жорий йилда хўжаликда 400 нафардан ортиқ одам юқори кўрсаткичга эришди.

Улар қаторида оилавий династия ва бутун бошли бригадалар бор. Улардан бирига Алексей Байназаров раҳбарлик қилади. Миллион тенгелик мукофотдан ташқари, Банновкадан келган механизаторлар илғорлар байроғини олиб кетди. Улар кўрсаткичлар бўйича илғорликни қўлга киритди.

АЛЕКСЕЙ БАЙНАЗАРОВ, «ЎЛЖА АЛТИН ИНВЕСТ» МЧБ ДИРЕКТОРИ ЎРИНБОСАРИ:

- Ўтган йили дам олган далалардан биз яхшигина ҳосил олдик. Буғдой, арпадан 35 центнердан хирмон кўтарилди. Янги навларни жорий этиш ҳам муваффақиятимизга хизмат қилди.

Сўнгги йилда «Ўлжа Агро» компаниялар гуруҳида маош миқдори 30 фоизга кўтарилди. Мавсум якунларига кўра, илғор ходимлар маошига яна 20 фоизлик қўшимча тўланди.

Фото: kapital.kz