Бутунжаҳон банки ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги янги лойиҳани амалга оширади

Бутунжаҳон банки ва Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2020-2024 йилларга мўлжалланган чорвачиликни барқарор ривожлантириш лойиҳасини ишга туширади.

Унга кўра, қозоғистонлик фермерлар минтақадаги асосий гўшт экспортчиларига айланиши кўзда тутилган. Дастур, шунингдек, фермер хўжаликлари сонини кўпайтириш ва соҳа маҳсулдорлигини оширишга ҳам қаратилган. Жаҳон банкидагилар таъкидлашича, қарз миқдори 500 миллион долларгача бўлиши кутилмоқда. Лойиҳа агросаноат мажмуасини ривожлантириш давлат дастури ва гўшт чорвачилигини ривожлантириш миллий стратегиясини рўёбга чиқаришга ёрдам беради.

АРТАВАЗД АКОПЯН, ЖАҲОН БАНКИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БЎЙИЧА КАТТА ИҚТИСОДЧИСИ:

- Жаҳон банки кредити маълум кўрсаткичларни ривожлантириш учунгина берилади. Масалан, қишлоқ ҳудудларида янги фермалар барпо этиш, кичик ва ўрта фермерларни ўқитиш орқали гўшт чорвачилигини ривожлантиришга сарфланади. Шунингдек, ветеринар хизматини яхшилаш, гўшт юборилишини кузатиб бориш, маҳсулот сифатини оширишга эътибор берилади. Лойиҳа доирасида яйловларни яхшилаш, озуқа базасини кенгайтириш учун инвестиция киритиш ҳам кўзда тутилган.

Фото: kapital.kz