Нур-Султон шаҳрида биринчи Қозоғистон-Италия форуми бўлиб ўтди

Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Қозоғистон-Италия форумида энергетика, яшил иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, нефть кимёси ва қайта ишлаш саноати соҳаларидаги лойиҳаларни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.

Унда 200 нафардан зиёд тадбиркорлик доиралари, хорижий ва миллий компаниялар вакиллари иштирок этди. Италиялик инвесторлар айтишича, Қозоғистон томони бизнес юритиш учун жуда қулай шарт-шароит яратган. Мазкур анжуман икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожига кучли туртки беради.

САЛЬВАТОРЕ ПАРАНО, ИТАЛИЯНИНГ ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ЭЛЧИХОНАСИ САВДО АЙЛАНМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЛИМИ ДИРЕКТОРИ:

- Мазкур учрашув Қозоғистон ва Италия орасида қулай тадбиркорлик алоқалари нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатди. Биз юртингизнинг иқтисодиётни диверсификациялаш борасидаги ҳаракатларини бажонидил қўллаб-қувватлаймиз. Италияда қатор технологик ечимлар, ноу-хау мавжуд, биз уларни қозоғистонлик ҳамкорлар билан баҳам кўришга тайёрмиз.

ЕРЛАН ХАИРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ АЛОҲИДА ТОПШИРИҚЛАР БЎЙИЧА ЭЛЧИ:

- Фаол иш юритаётган 275 компания мавжуд. 400 дан ортиқ компания рўйхатга олинган, улар турли соҳаларда фаолият юритяпти. Савдо, турли-туман хизматлар, шу жумладан, нефть саноатига хизмат кўрсатади. Умуман, Италия 2005 йилдан буён 6 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритган.

Фото: Etoday.kz