Қозоғистон корхоналари Шанхайдаги кўргазмада иштирок этди

30 дан ортиқ Қозоғистон корхонаси Шанхайда бўлиб ўтган «Импорт ехро-2019» иккинчи халқаро кўргазмасида хитойлик истеъмолчиларга ўз маҳсулотини тақдим этди. Улар орасида бугунги кунда Осмоности мамлакати истеъмолчиларига ўз маҳсулотларини юбора бошлаганлар ҳам бор. Масалан, йилига бир миллиард литр табиий шарбат ва ичимликлар чиқарувчи заводни олиб кўрайлик. 10 йиллик фаолияти мобайнида у Марказий Осиё ва Россияга маҳсулот юборишни йўлга қўйди, эндиликда ХХР бозорида ҳам ўз улушини кенгайтириш ниятида.

ИВАН ПИРОГОВ, ИЧИМЛИКЛАР ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИ ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОМПАНИЯ ЭКСПОРТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДИРЕКТОРИ:

- Биз маҳсулотимизни, брендларимизни Хитой бозорида оммалаштиришга тайёр бўлган бир неча ҳамкорлар билан музокара ўтказиш ва маҳсулот етказиб бериш шартларини келишиб олмоқчимиз. Брендларимиздан бир қисми шакар қўшилмай тайёрланадиган маҳсулотлар қаторига киради, ассортиментнинг катта қисмига Овқатланиш академиясининг 3 ёшдан катта болалар учун тавсия сертификати олинган.

 

Жами 200 қозоғистонлик тадбиркор мазкур кўргазмада қатнашиш истагини билдирди, улардан 30 нафар энг яхшилари танлаб олинди.


НУРАЛИ БУКЕХАН, ҚОЗОҒИСТОН ТАШҚИ САВДО ПАЛАТАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Сўнгги 5 йил давомида Хитой Қозоғистоннинг 17 товар гуруҳи учун ички бозорини очди. Бу эса мамлакатимиз тадбиркорлари учун яхши имконият.

СЕРИК ҚУСАИНОВ, САНОАТ ВА ИНФРАТУЗИЛМАЛАР ВАЗИРЛИГИ ТЕХНИК СОЗЛАШ ВА МЕТРОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Хитой томонидан импорт товарларга жуда мураккаб талаблар қўйилади, улар бозорига кириш осон эмас. Шунинг учун биз уларнинг қонунчилигини, талабларини синчиклаб ўрганамиз.

Ва бу ишларнинг барчаси экспорт қилувчи компанияларга ёрдам бериш учун амалга оширилади. Стандартлаш марказида уларга ХХРга маҳсулот олиб кириш қоидалари тушунтирилади, йил охиригача ҳар бир товар бўйича бажариладиган ишлар алгоритмини тақдим этиш ваъда қилинмоқда. Экспертлар таъкидича, Хитой бозорига фаол кириб бориш Қозоғистоннинг Марказий Осиё минтақасидаги органик озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи етакчи мамлакат сифатидаги салоҳиятидан фойдаланиш имконини беради.

Фото: votpusk.ru