Қозоғистонда «Бизнес йўл харитаси-2025» қабул қилинади

Келгуси беш йил мобайнида Қозоғистон иқтисодиётининг учдан бир қисми кичик ва ўрта бизнесга тўғри келади. Янгидан қабул қилиниши режалаштирилган «Бизнес йўл харитаси-2025» дастуридан шу мақсад кўзланган. Ҳукуматда ушбу лойиҳа рўёбга чиқарилиши масаласи муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 421 миллиард тенге ажратилган. Бу кўрсаткич ўтган беш йилгига нисбатан бир ярим марта кўп.

Натижада, кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 35 фоизга етказиш режалаштирилган. Мамлакат маҳсулотининг камида 13,4 фоизини қайта ишлаш саноати ташкил этиши кутиляпти. Бунинг учун мамлакатда бизнес юритиш шарт-шароитлари қулайлаштирилиб, тўсиқлар бартараф этилмоқда, ижозат берувчи ҳужжатлар сони камайяпти. Бундан ташқари, кичик ва ўрта бизнес ривожига туртки берувчи чора-тадбирлар кўрилмоқда.

РУСЛАН ДАЛЕНОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРИ:

- Биринчидан, айланма маблағларга ажратиладиган кредитлаш миқдори 60 миллиондан 360 миллион тенгегача кўпаяди, молия олиш имкони кенгаяди. Бунинг учун кичик молия ташкилотларига берилаётган кредитларни субсидиялаш ва кафолатлаш йўлга қўйилади. Дастур иштирокчиларига иш ўринлари очиш, солиқларни ўз вақтида тўлашга оид талаблар такомиллаштирилади, барча босқичларда тадбиркорларга ёрдам бериш ишлари яхшиланади. Уларни ўқитиш, кредит ва давлат ёрдами олиши учун ҳужжатлар тайёрлаш, маҳсулот сотиш занжирини яратишда кўмак берилади.

Фото: ottenlawfirm.com