Қозоғистонга Жанубий Корея инвестициялари жалб этилади

Қозоғистон инфратузилмалари, Ай-Ти технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун Жанубий Корея инвестициялари жалб этилади. Бу соҳалардаги лойиҳалар жорий йил апрелида икки мамлакат президентлари имзолаган «Янги шабада» лойиҳаси доирасида рўёбга чиқарилади. Сеул шаҳрида ўтган Қозоғистон ва Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлари учрашувида шу ҳақда маълум қилинди.

БЕЙБУТ АТАМҚУЛОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРИ:

- Корея Қозоғистон учун кўлами бўйича Осиё минтақасидаги иккинчи ҳамкор ҳисобланади. 2018 йилни биз тўрт миллиард долларлик савдо айланмаси билан якунладик. Жорий йил олти ойида товар айланмаси 2,7 миллиард долларни ташкил қилди.

Шунингдек, Бейбут Атамқулов ҳамда Кан Ген Хва Корея Республикаси ва Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи давлатлари ўртасида эркин савдо алоқалари тўғрисида шартнома имзоланишини ҳам муҳокама қилдилар. Таъкидлаш жоизки, шу ой охирида икки давлат вазирликлари вакиллари яна бир марта Қозоғистон-Корея ҳукуматлараро комиссия йиғилишида учрашади. Нур-Султонда томонлар иқтисодиётнинг ўнта соҳасида қўшма лойиҳаларни муҳокама қилади.

Фото: platon.asia