Қозоғистонда суғориладиган ерлар ҳажми оширилади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг тўрт ярим бараварга ўсиши. 2030 йилга қадар суғориладиган ер майдони 3 миллион гектаргача босқичма-босқич оширилиши билан шундай натижага эришиш мумкин. Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон халқига йўллаган Мактубида шу ҳақда айтиб ўтди. Таъкидлаш жоиз, Қизил Ўрда вилоятида 2022 йилга бориб суғориладиган ер майдонларини 300 минг гектарга етказиш режалаштирилмоқда.

ҚАЙРАТ ЖАНСУЛТАН ЎҒЛИ, ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРНИ БОШҚАРИШ ВА ТАБИАТДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ТАРТИБГА СОЛИШ БЎЛИМИ РАҲБАРИ:

- Суғориладиган ер майдонларини 300 минг гектарга етказиш учун 96 минг гектар янги ер майдони қўшиляпти. Ушбу янги ерларга янги каналлар ўтказамиз, томчилатиб суғориш, ер ости сувлари, коллекторлар сувидан такрор фойдаланиш усулларини қўллаймиз.

Сирдарё сув сатҳига боғланиб қолмаслик учун мутахассислар янги ечимларни ўйлаб топишди. Улар ғоясига кўра, алмашлаб экиш салоҳияти ошиши ҳудуднинг асосий қишлоқ хўжалиги экини - шоли майдонларини камайтирмайди. Шу билан бирга, махсар, буғдой, қашқарбеда, соя, жўхори каби кам сув талаб қиладиган экинлар экиш учун бу катта имконият. Бундай ўсимликлар, биринчидан, чорва емиши сифатида қўл келса, иккинчидан, ер ҳосилдорлигини оширади.

БАХИТЖАН ДУЙСЕМБЕКОВ, И.О. ЖАХАЕВ НОМИДАГИ ҚОЗОҚ ШОЛИКОРЛИК ИЛМИЙ-ТЕКШИРИШ ИНСТИТУТИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

- Ушбу ўсимликлар тупроқдаги тузни ўзига тортиб олади, шўрхок ерларга чидамли, яъни тупроқни тиклайди. Иккинчи йилда улар фитомелиоратив ўсимликлар, деб аталади. Шу турдаги ўсимликлар тупроқ структураси ва унумдорлигини яхшилайди, уни азот билан бойитади ва бегона ўтлар ўсишини камайтиради, ернинг биоорганик ҳолатини ўзгартиради.

Ҳудудда суғориш каналларини тозалаш ва гидроиншоотларни қайта таъмирлаш ишлари ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. Бундан ташқари, ташландиқ ёки фойдаланилмаётган ерларни тиклаш бўйича тизимли режа ишлаб чиқилди.

ЖЎРАБЕК НУРИМБЕТОВ, “ҚОЗСУВХЎЖ” РДК ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲУДУДИ РАҲБАРИ: 

- Лойиҳаларни амалга ошириш давомида 187 минг гектар ер қайта тикланди. Ушбу мақсадлар йўлида Бутунжаҳон ва Осиё тараққиёт банки 164 миллиард тенге миқдорида маблағ ажратди. Дастур амалга оширилиши вилоят қишлоқ хўжалиги ривожини 30-40 фоизга ошириш, сувни 20-25 фоизга тежаш имконини беради.

Қизил Ўрда вилоятида суғориладиган ерлар ҳажмини ошириш бўйича Президент Номасида кўзда тутилган бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Шиели тумани ва Қораўзакдаги Сирдарёнинг тегишли қисмида иккита сув омбори қурилиши шундай чора-тадбирлар жумласидан. Улар сув кам вегетацион даврда ҳудуднинг суғориладиган 110 минг гектар ерини сув билан таъминлайди.

Фото: Хабар 24