Нур-Султон: Инвесторлар қўллаб-қувватланади ва лойиҳалар кузатиб борилади

Имтиёзлар, афзалликлар, инфратузилма, молиявий кўмак ва ҳар томонлама ҳамкорлик. Қозоғистон пойтахти инвестор ва тадбиркорларга шундай қулай шарт-шароитлар, жумладан, ҳудудда махсус иқтисодий зона яратиб беришга тайёр. Бу ерда улар нафақат қўллаб-қувватланади, балки ғоя туғилганидан бошлаб то лойиҳа амалга оширилгунга қадар кузатувда бўлади. Шу билан бирга, биринчи навбатда инновацион таклифлар, масалан, генетик лабораторияга талаб юқори. Дарвоқе, унинг аналоги республикада йўқ. Бу ерда давосиз хасталиклар олдини олиш мақсадида илмий изланишлар олиб борилади. Лойиҳани чет эллик инвесторлар қўллаб-қувватлади. Улар 3 миллион долларга яқин маблағ йўналтирган.

ЕРНАЗАР РАШАТБЕК ЎҒЛИ, ГЕНЕТИК ТАДҚИҚОТЛАР ЛАБОРАТОРИЯСИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

- Ҳозир биз Кардиохирургия маркази билан музокара олиб боряпмиз. Биз мижозларга юрак операциясидан сўнг бериладиган  дорилар устида лаборатория текширувларини ўтказишни режалаштирганмиз ва шундан кейин лаборатория таҳлилларини берамиз. Ҳозир шу йўналишда иш олиб борилмоқда.

Бу эса ноёб учувчисиз жиҳоз ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган маҳаллий компания. У зона иштирокчилари рўйхатидан жой олиш ҳаракатида. Компания вакиллари солиқ имтиёзлари ва бошқа афзалликлар билан бир қаторда бу ерда ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш ва маҳсулот ўтказиш учун янги бозор топишга умид боғлашган.

МАДИЯР СМАҒУЛОВ, КОМПАНИЯНИНГ ДРОНЛАР ИШЛАБ ЧИҚАРИШ БЎЙИЧА ДИРЕКТОРИ:

- Бугунги кунда жаҳон амалиётида учувчисиз жиҳозлар кўрсатадиган хизмат нархи тахминан 6 миллиард долларни ташкил этади. 25 йилга мўлжалланган прогноз 65 миллиард доллар атрофида. Кескин ўзгаришни тасаввур қиляпсизми? Яъни бугунги кунда бу нафақат дунёда, балки, умуман олганда, Қозоғистонда ишлаш учун жуда катта имконият.

Таҳлилчилар сўзларига кўра, махсус иқтисодий зоналар фаолияти туфайли нафақат шаҳар иқтисодиётига киритилаётган маблағлар ҳажми ортяпти, балки унинг экспорт салоҳияти ҳам юксаляпти.

Фото: zakon.kz