Президент Мактуби: Бизнесни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янги имкониятлари

Микро ва кичик бизнес вакиллари уч йилга даромад солиғидан озод этилиб, солиқ юки енгиллаштирилади. Республика президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев шундай кўрсатма берди. Экспертлар фикрича, бу тадбиркорларнинг янада ривожланишига яхши рағбат бўлади. Айниқса, давлат раҳбарининг солиқ юкини енгиллаштириш ва текширувларни камайтириш борасидаги ташаббуси энди фаолият бошлаган тадбиркорлар учун айни муддао бўлди.

МАКСИМ БАРИШЕВ, КОМПАНИЯЛАР ГУРУҲИ АСОСЧИСИ:

- Энг муҳими, бекор бўладиган асосий солиқ якка тадбиркорларга тааллуқли бўлади ва улар соддалаштирилган режим бўйича тўлайдиган 3 фоизлик ҳамда патент бўйича ишлайдиганлар 1-2 фоизлик солиқлардан уч йилга озод этилади. Менимча, сон жиҳатидан якка тадбиркорлар ўз даражасида қолади, фақат сифат жиҳатидан ўсиш бўлади. Натижада уч йилдан сўнг биз бир миллион икки юз нафарлик тадбиркорлардан иборат рақобатбардош аудиторияга эга бўламиз.

Тадбиркорлик ҳар қандай мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим омил. Масалан, ривожланган мамлакатларда кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши баъзида 80 фоизгача боради. Шу билан бир қаторда, экспертлар таъкидлашича, шуни ҳам унутмаслик керакки, бизнес, бу – рақобат. Аммо бу соҳада ўз ўрнини топиш учун сифатли ва арзон маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали танилиш муҳим аҳамият касб этади.

РАҲМОН АЛШАНОВ, ИҚТИСОД ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР:

– Масалан, Қаскеленда болалар тагликлари ишлаб чиқарадиган корхона очилди. Маҳсулотни Россия, Ўзбекистон ва Қирғизистон тезда сотиб оляпти. Бу корхонада нафақат талаб юқори бўлган сифатли, балки арзон маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганидан дарак беради.

Таҳлилчилар фикрича, кичик ва ўрта бизнес сектори ривожланишини тезлаштириш давлат буюртмалари кўпайишига, кенг миқёсдаги ишлар аҳоли эҳтиёжини қондириш ва ички бозорни тўлдиришга, импорт ўрнини босувчи товарлар сони ва ҳажми кенгайишига ёрдам беради. Ва албатта, маҳсулотни экспорт қилиш имконини яратади.

Фото: ideanomics.ru