Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш: 3 йил даромад солиғи олинмайди ва текширилмайди

3 йил даромад солиғи тўланмайди ва текширилмайди. Тадбиркорлар Давлат Раҳбари томонидан йўлланган Мактубда билдирилган ташаббуслар кичик ва ўрта бизнес ривожига қўшимча туртки бўлади, деб ҳисобламоқда. Шулардан бири - Гавҳар Утелбаева. Унинг корхонаси 12 йилдан ортиқ вақт мобайнида эркаклар учун алоҳида кийимлар чиқариб келмоқда. Мамлакатнинг барча ҳудудларидан буюртмалар қабул қилинади. Тикиш цехида 15 киши ишлайди. Даромад солиғи тўлаш мораторийси кучга киргач, ушбу маблағлар янги иш ўринларини яратишга йўналтирилиши мумкин, деб таъкидлайди Гавҳар Утелбаева.

ГАВҲАР УТЕЛБАЕВА, ТАДБИРКОР:

- Бу бизга шундай кенг имконият яратадики, тўғрисини айтсам, ишонгим келмаяпти. Бу менга худди тушдек туюлмоқда. Тасаввур қилинг, 3 йил солиқларга мораторий жорий қилинади. Бу муддат давомида биз ишни анча кенгайтириб олишимиз мумкин. Бу ишлаб чиқаришга сармоя дегандай гап. Бизда солиқ учун тўловлар анча катта суммани ташкил қилишини ҳисобга олсак, айтиш мумкинки, уч йилда бу маблағ эвазига Қозоғистонда камида 2 та филиал очса бўлади. Устига-устак, янги технология ва ускуналар ҳам сотиб олиш мумкин.

Қонунчиликдаги мазкур тузатишлар 2020 йилдан кучга кириши кутилмоқда. Шу билан бирга, Президентнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари текширувини уч йилга тақиқлаш ҳақидаги қарори ҳам кучга киради. Аналитиклар айтишича, бу тадбиркорлар учун катта стимул бўлиб хизмат қилади.

БАХТИЯР БУЛЕУЛИЕВ, ЮРИДИК ФАНЛАРИ ДОКТОРИ:

- Давлат назорат қилмаганда, бизнес ўзини ўзи ташкил қилиши, бошқариши керак. Ушбу ҳолатда бизнес субъектлари масъулиятни ўз зиммасига олади, улар ўзларининг бевосита тадбиркорлик фаолиятларини ташкил қилишга виждонан ёндашиши керак.

Такидлаб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Ҳукуматга янги “Йўл харитаси” доирасида кичик ва ўрта бизнесни давлат миқёсида қўллаб-қувватлаш учун қўшимча равишда 250 миллиард тенге ажратиш вазифасини юклади. Янги шаклларни ижтимоий соҳаларга, масалан, оилавий корхоналар яратишга алоҳида эътибор билан жорий қилиш белгилаб қўйилди.

Фото: biznesportal.info