Пойтахтда инновацион лойиҳалар амалга татбиқ қилинмоқда

Пойтахтда инновацион лойиҳалар амалга татбиқ қилинмоқда

Қозоғистон пойтахтида иккинчи саноат парки очиш режалаштирилмоқда. Аввалгисининг ҳудуди деярли бутунлай тўлди. Зеро, бизнес учун жуда қулай шарт-шароитлар яратилганди. Янги зона ҳудудига автомобиль ва озиқ-овқат саноатига оид лойиҳалар, қурилиш ва фармацевтика корхоналари, шунингдек, айти-технологиялар ва илмий изланишлар билан шуғулланувчи компаниялар жойлаштирилиши мўлжалланган.

МУХТАР ИБРАЕВ, «АСТАНА ТЕХНОПОЛИС»  МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНА БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Биз барча турдаги фаолиятни ривожлантиришга тайёрмиз. Аввал айтганим каби, 26 иш тури ҳақида гап кетяпти, турли-туман лойиҳаларни рўёбга чиқаришга тайёрмиз. Бошқача қилиб айтганда, биз маълум бир соҳани жалб этишга эҳтиёж сезмаяпмиз. Мурожаат этаётган лойиҳалар турли шаклда иш юритишни кўзлаган. Шунинг учун ҳам эркин иқтисодий зона ҳудудида амалга оширилиши мумкин бўлган барча лойиҳаларга очиқмиз.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда пойтахтда иккита махсус иқтисодий зона бор. Биринчиси, шаҳарнинг маъмурий-тадбиркорлик қисмини ва амалдаги саноат паркини қамраб олган. Иккинчи махсус иқтисодий зона ҳудудида 9 та лойиҳа иш бошлаган. Уларнинг кўпчилиги ай-ти, муҳандислик ва тиббиётга оид бўлиб, Назарбоев Университети ҳудудида жойлашган. 

МУХТАР ИБРАЕВ, «АСТАНА ТЕХНОПОЛИС»  МАХСУС ИҚТИСОДИЙ ЗОНА БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

- Махсус иқтисодий зонадаги корхоналарнинг барчаси Қозоғистон компаниялари, аммо улардан иккитаси муассиси АҚШ ва Хитой Халқ Республикасидан. Гап шундаки, мазкур компаниялар бевосита Қозоғистон ҳудудида у ёки бу технологияларни жалб қилади ва ривожланади. Бошқалари эса, аввал айтганим каби, Қозоғистон компаниялари бўлиб, уларнинг турли инновациявий ва юқори технологик ишлаб чиқаришлар билан шуғулланаётгани эътиборга сазовор.

Масалан, бир ай-ти компания коммунал ва давлат хизматларини автоматлаштириш учун ўзига хос смарт-иловалар ишлаб чиқиш, шунингдек, муаммоларни ҳал қилишнинг бошқа рақамли воситалари билан шуғулланади. У технопарк ҳудудида жойлашган. Шуни ҳам айтиш керакки, мазкур ҳудуддаги компанияларга, бошқа махсус зоналарда бўлгани каби қатор махсус имтиёз ва устунликлар берилган.

ЕВГЕНИЙ МАКСИМОВ, ТЕХНОПАРК РЕЗИДЕНТИ:

- Махсус иқтисодий зона бизга имкониятлар яратади. Қулай жойда иш юритиш имкони ва мутахассислар захира базаси шулар жумласидан. Улар қисқа вақтда маҳсулотлар билан танишади ва ходимларимизга айланади. Шунингдек, бу бозорда, шу жумладан, хорижий компаниялар билан муваффақиятли рақобат қилишимиз учун имкон берувчи солиқ имтиёзларини ҳам кўрсатиб ўтиш зарур.

Экспертлар таъкидлашича, махсус иқтисодий зонада турли лойиҳалар рўёбга чиқарилиши мумкин. Улар билан кенг кўламли экспорт потенциалига эга миллиардларни ва хорижий инвестицияларни кўзда тутганлари ҳам, шаҳарнинг маълум бир муаммосини ҳал этишга қаратилган кичик компаниялар ҳам иш юритиши мумкин. Энг муҳими, мутахассислар фикрича, лойиҳалар юксак технологиялар ва инновацияларга асосланиши зарур.

Фото: e-history.kz