Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айланмаси 136 миллион долларни ташкил қилди

Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги товар айланмаси 136 миллион долларни ташкил қилди

Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик тобора кенгайиб боряпти. Жорий йил биринчи ярмида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 136 миллион долларни ташкил қилди. Бу эса 2018 йил шу даврига нисбатан 16 фоизга юқори. Озарбайжон Қозоғистондан битум материалларидан олинган нефть маҳсулотлари, этилен полимери, машиналар учун бутловчи қисмлар импорт қилади. Айни вақтда, мамлакатимиз минерал моддалар, кимёвий хомашё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантиряпти.

ФИРДАВСИЙ ФИКРЕТЗОДА, АГРАР ТАДҚИҚОТЛАР МАРКАЗИ ДИРЕКТОРИ:

-  2019 йил 6 ойи давомида Қозоғистондан 60 миллион доллар қийматга эга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорт қилинди. Шундан 57 миллионини буғдой ташкил этади. Шунингдек, бошқа дон экинлари ҳам харид қилинди.

Озарбайжон  қишлоқ хўжалиги вазирлиги берган маълумотга кўра, Қозоғистон дони импорти деярли уч марта ортди. Йўналишларда ягона божхона тарифлари жорий этилиши ҳам ўсишга туртки берди.

ВУГАР БАЙРАМОВ, ИҚТИСОДЧИ:

-  2018 йилдан бошлаб икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари мунтазам ўсиб боряпти. Жорий йил кўрсаткичлари ҳам Қозоғистон Озарбайжон импортида ўз кўрсаткичларини яхшилаганидан далолат беради. Бу йўналишни тадбиркорлар учун қулайлаштирган ягона божхона тарифлари қабул қилиниши ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Экспертлар фикрича, Қозоғистон дони юқори сифати туфайли ҳам рақобатбардошлигини сақлаб турибди. Шунинг учун ҳам Озарбайжон бозорида унга қизиқиш тобора ортиб бориши кутиляпти. Бугунги рақамлар ҳам буни исботлайди: ярим йил якунига кўра, импорт ҳажми ўтган йил давомида эришилгани билан тенглашган.

Фото: kazlenta.kz