Нур-Султон – Шарқий Европа ва Марказий Осиё молиявий марказлари орасида пешқадам

Нур-Султон – Шарқий Европа ва Марказий Осиё молиявий марказлари орасида пешқадам

Нур-Султон – Шарқий Европа ва Марказий Осиё молиявий марказлари орасида пешқадам. Жорий йилда жаҳон молиявий марказлари индексида Қозоғистон пойтахти 10-поғонага кўтарилди ва 51-ўринга чиқди. Экспертлар таъкидлашича, бугун шаҳар инвестициявий оқимларни ўзида жамловчи халқаро хабга айланган. Ўтган йил пойтахт иқтисодиётига киритилган капитал ҳажми 1 триллион тенгедан ошди. Бу эса аввалги йил кўрсаткичларидан деярли 12 фоизга ортиқ. Нур-Султон миллий иқтисодиёт ривожланишида ҳам катта ўрин тутади. Ўтган йил якунларига мувофиқ, бу ерда миллий маҳсулотнинг 9,8 фоизи ва мамлакат иқтисодиётига жалб этилган инвестициянинг 9,5 фоизи мазкур шаҳар зиммасида. 2018 йилда шаҳар ялпи минтақавий маҳсулоти ҳажми 5,8 триллион тенгени ташкил қилди.

МАДИЯР КЕНЖЕБУЛАТ, ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ ЕТАКЧИ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

-  Жаҳоннинг глобал молия марказлари бўйича ҳисобга олинадиган мазкур индекс бир неча йиллардан буён ҳисоблаб келинади. Аввалбошда биз 88-ўринда бўлганмиз. Ўз мавқеимизни аниқ режа асосида яхшиладик. 2019 йилда Нур-Султон 51-поғонани эгаллаган ҳолда Марказий Осиё ва Шарқий Европа мамлакатлари орасида энг юқори даражага чиқди. Биз, масалан, Истанбул, Санкт-Петербург, Москва, Алмати каби йирик шаҳарлардан ўзиб кетдик.

Экспертлар фикрича, рейтинг яхшиланишига инновациявий лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва инвесторларни жалб этиш бўйича олиб борилган иш ўз таъсирини кўрсатди. Шу жумладан, махсус иқтисодий зона ҳудудида 2 триллион тенгега 393 лойиҳа рўёбга чиқариляпти. 1-сонли саноат паркида 71 та лойиҳа устида иш бошланган, уларга 143 миллиард тенгедан зиёд маблағ жалб этилган. Ўтган йили халқаро инвесторлардан лойиҳаларни рўёбга чиқариш ва  инфратузилмаларни ривожлантириш учун 964 миллион доллар келиб тушди. Жорий йил беш ойи давомида пойтахт асосий капиталига киритилган инвестиция миқдори 189 миллиард тенгени ташкил этди.

МАДИЯР КЕНЖЕБУЛАТ, ИҚТИСОДИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИ ЕТАКЧИ ИЛМИЙ ХОДИМИ:

 - Асосий капиталга киритилаётган инвестициялар каби кўрсаткич бизда йил сайин ўсиб боряпти. Масалан, 2019 йилда киритилган бевосита хорижий инвестиция миқдори 2018 йилга нисбатан бир ярим марта ортди. Шунингдек, жорий йилда “Астана” халқаро молия маркази биржаси, инглиз ҳуқуқи асосида иш юритувчи суд тўлақонли ишлай бошлади. Бу факторлар, назаримда, Нур-Султон шаҳрининг глобал молия марказлари индексида тутган ўрни янада яхшиланишига таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоиз, 2050 йилга келиб Нур-Султон шаҳри дунёнинг энг яхши 10 шаҳри қаторига киришни режалаштирган. Пойтахтни ривожлантириш концепциясида бизнес хизматларни ривожлантириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш, «Smart City» лойиҳасини рўёбга чиқариш ва бошқалар кўзда тутилган.

Фото: elorda.info