Қарағанди вилоятида тоғ-металлургия саноати ривожланмоқда

Қарағанди вилоятида тоғ-металлургия саноати ривожланмоқда

Қарағанди вилоятида янги ферро-қотишмалар заводи ишга тушди. Корхона қурилишида жаҳоннинг 7 мамлакатидан замонавий муҳандислик ва юксак технологияларга асосланган саноат соҳасида ишловчи етакчи компаниялар иштирок этди. Энг юксак сифатли ферросилиций Россия, Туркия, Жанубий  Корея, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларига етказиб берилади. Айтиш жоиз, ушбу тайёр маҳсулотни ишлаб чиқаришда қўлланган Қозоғистон материаллари миқдори 94 фоиздан юқори.

ЕРЛАН НИҒМАТУЛИН, ФЕРРО-ҚОТИШМАЛАР ЗАВОДИ РАҲБАРИ:

-  Янги ферроқотишмалар заводи Қозоғистон саноати ривожланиб бораётганининг ёрқин намунаси бўлиши билан бирга юртимиз инвестициявий жозибадорлигини кўрсатувчи далил ҳам бўла олади. Бу ишлаб чиқаришда Қозоғистон иқтисодиётини технологик модернизация қилиш ва саноатни рақамлаштириш бўйича 4.0 саноатлаштириш дастурининг юксак талабларига жавоб бера оладиган энг илғор инновациявий технологиялардан фойдаланилди. Завод маҳсулотининг 100 фоизи  экспортга мўлжалланган, у сифат жиҳатидан ҳам экологик талабларга кўра бугун мавжуд бўлган жаҳон стандартига мос келади.

Лойиҳа саноат-инновациявий ривожланиш давлат дастури доирасида амалга оширилди. Унинг умумий қиймати – 32 миллиард тенге. Бошланғич босқичда ишлаб чиқариш ҳажми йилига 180 минг тоннани ташкил қилади. Бу эса Қозоғистон жаҳондаги энг йирик ферросилиций тайёрловчилар қаторига киришига йўл очади. Келгусида ишлаб чиқариш қуввати йилига 240 минг тоннагача етказилади. Бу ердан чиқаётган ҳавонинг тозаланиш даражаси 99,8 фоизни ташкил қилади. Газ тозалаш тизимида тўпланган чангдан эса микрокремнезем олинади. Ушбу модда цементнинг юқори даражадаги маркаларини ишлаб чиқаришда қўлланади.

Қарағанди вилояти металлургия саноати ривожланган минтақалардан бири. Сўнгги 3 йил давомида бу ерда қатор замонавий технологияларга асосланган юқори самарали тоғ-металлургия ишлаб чиқариш майдончалари пайдо бўлди. 2019 йилда ишлаб чиқариш ўсиши 72 фоизни ташкил қилди. Бунда инвестициявий лойиҳалар ҳам муҳим роль ўйнагани сир эмас. Бугунги кунда умумий қиймати 1 триллион  тенгедан зиёд бўлган 35 лойиҳа рўёбга чиқди, улардан 17 таси хорижликлар иштирокида амалга оширилган.

Фото: inbusiness.kz