Қозоғистон ва Корея 10 соҳада ҳамкорлик қилади

Қозоғистон ва Корея 10 соҳада ҳамкорлик қилади

Қозоғистон ва Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама муносабат янги даражага чиқяпти. 2019-2022 йилларга мўлжалланган “Янги шабада” иқтисодий ҳамкорлик дастури ҳар икки томон учун ўзаро мулоқот уфқларини янада кенгайтирди. Эслатамиз, мазкур ҳужжат Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг Қозоғистонга қилган расмий сафари мобайнида имзоланган. Дастур доирасида 10 соҳада ҳамкорлик қилиш ва 58 та лойиҳани рўёбга чиқариш режалаштирилган.

КИМ ДЭСИК, КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ:

 - Мазкур дастур ахборот-коммуникация технологиялари, рақамлаштириш,  яшил иқтисодиёт, 4-саноат инқилоби шароитида ўзаро ҳамкорликни кўзда тутади. Бундан ташқари, транспорт логистикаси ва инфратузилма марказларини такомиллаштириш иқтисодиётнинг нефть-газ сектори, фойдали қазилмалар қазиб олиш, қурилиш ва туризм каби муҳим соҳаларни янада яхшилаш мўлжалланган. Шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ҳам қамраб олинади. Қозоғистоннинг «Нурли йўл» дастурини амалга оширишга қўшимча туртки беради.

Бугунги кунда Қозоғистон-Корея саноат-инновациявий лойиҳалари қаторида жами 7 миллиард долларлик 40 та лойиҳа киритилган. Улардан деярли 2 миллиард долларга тенг 19 лойиҳа амалга оширилган. Яна 2 миллиарддан зиёдроғи бажарилиш босқичида турибди. Келгусида  корейс компанияси Алмати айланма йўли қурилишида иштирок этиши кутиляпти. Шунингдек, тез кунларда ҳамкорликда автомобиль йиғиш заводи очилиши режалаштирилган.

КИМ ДЭСИК, КОРЕЯ РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ЭЛЧИСИ:

-  Корея Марказий Осиё давлатлари қаторида Қозоғистонга фаол сармоя киритяпти. Бугунгача бу иқтисодиётга 4 миллиард доллар атрофида инвестиция киритилди. Товар айланмаси мунтазам ортиб боряпти. Ўтган йили бу деярли 2,5 миллиард долларни ташкил қилди. Жорий йил биринчи ярмида бу кўрсаткичнинг 90 фоизига эришдик ва икки миллиард долларлик маҳсулот алмашишга муваффақ бўлдик. Йил охиригача бу кўрсаткич икки баравар ортишига умид қиламиз.

Шу кунларда Қозоғистон Жанубий Кореяга нефть, уран, мис ва пўлат экспорт қилади. Тонгги мусаффолик мамлакатидан эса электроника, ускуна ва автомобиллар импорт қилинади. Айни вақтда Қозоғистонда корейс капитали иштирокида фаолият юритаётган 500дан ортиқ корхона мавжуд.

Фото: kaztag.kz