Алматида ҳорижий капитал киритиш йил сайин 10 фоизга ортмоқда

Алматида ҳорижий капитал киритиш йил сайин 10 фоизга ортмоқда

Қозоғистондаги энг йирик шаҳарлардан бири – Алматининг иқтисодий салоҳияти инвесторларни жалб этмоқда. Бу ерда капитал киритиш йил сайин 10 фоизга, яъни 730 миллиард тенгегача ортиб боряпти. Мамлакатимиз ҳамда хорижий давлат компаниялари шаҳар ҳудудида ёки махсус саноат зонасида ишлаб чиқариш барпо этишга тобора ишонч билан маблағ киритяпти. 

РУСТЕМ ВОРОШИЛОВ, АЛМАТИ ШАҲРИ ТАДБИРКОРЛИК ВА ИНВЕСТИЦИЯЛАР БЎЛИМИ БОШЛИҒИ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРУВЧИ:

 - Ташқаридан келаётган сармоя мунтазам ўсиб боряпти. Номинал кўрсаткичларда у 111 миллиард тенгени ташкил қилди. Жорий йил январь-июнь ойларида етмиш уч миллиард тенгели кўрсаткичдан ошдик. Умуман олганда, инвесторлар ишини енгиллаштириш учун «Инвестициялар уйи» ташкил қилинган. Ушбу уй вазифаси – инвестор турли бюрократик тўсиқларга дуч келмасдан имкон қадар ёрдам олишини таъминлаш.

Хорижий компаниялар махсус саноат зонасида ўзини эркин ҳис қиляпти. Бу ерда чет эллардан келган флагман компаниялар фаолият юритади. Улар Қозоғистон иқтисодиётининг олти устувор йўналишини ривожлантиришга йўналтирилган. Мазкур корхоналарда озиқ-овқат маҳсулоти, тиббий препаратлар, кимёвий маҳсулот, электроника, металл конструкциялари ва бошқалар ишлаб чиқарилади.

ЭДВИН БЛОМ, ХОРИЖИЙ КОМПАНИЯ БОШ ДИРЕКТОРИ:

-  Агар биз Қозоғистонда яхши нарх эвазига яхши сифатга эга бўла олсак, маҳаллий мутахассислар меҳнатидан фойдаланамиз. У ҳолда бу бозорни тарк этиш, капитални бошқа давлатга олиб кетишга зарурат туғилмайди. Айниқса, қазилма бойликлар ва қайта ишлаш соҳаларидаги корхоналарга хизмат кўрсатувчи компанияларга келганда бу жуда муҳим.

МАКСИМ АГЕЕВ, ФРАНЦУЗ  КОМПАНИЯСИ БОШ ДИРЕКТОРИ:

 - Биз иқтисодиёт ўсиб бораётгани, қурилиш, инфратузилмалар ва нефть-газ соҳасида кўп ишлар қилинаётганини кўриб турибмиз. Регуляция қилиш қонун-қоидалари яхшиланяпти, Қозоғистондаги солиқ тизими бизга мақбул келади, муҳандислик малакаси ривожи даражаси ҳам кўнглимиздагидек.

Экспертлар таъкидлашича, бозордаги ўзгаришларга жадал жавоб бера олган ва самарали қарор қабул қилган давлатлар ҳамиша хорижлик инвесторлар учун жозибали бўлади. Қозоғистон айнан мана шу кўрсаткичларга кўра ўзини кўрсата олгани сир эмас.

Фото: zakon.kz