Қозоғистонда гўшт экспорти 60 минг тоннага етиши кутиляпти

Қозоғистонда гўшт экспорти 60 минг тоннага етиши кутиляпти

Яқин келажакда Қозоғистонда гўшт экспорти янада кенгайтирилиши  режалаштирилган. Бу кўрсаткич 60 минг тоннага етиши кутиляпти. Мутахассислар фикрича, маҳсулотнинг тахминан ярмини мол гўшти ташкил қилади. Гўшт комбинатлари самарадорлигини ошириш мақсадида йирик шохли қорамол бошини кўпайтириш кераклиги таъкидланмоқда. Яқинда Жамбил вилоятига Чехиядан 60 та симменталь наслига мансуб сигир келтирилди. 2027 йилгача минтақага хориждан жами 36 минг бош йирик шохли қорамол келтириш кўзда тутилган.

БАЛЖАН ИСҚАҚОВА, ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ БОШҚАРМАСИ БЎЛИМ РАҲБАРИ:

-  Хориждан йирик шохли қорамол олиб келиш ирсий даражада мол сифатини яхшилашга имкон беради. Жорий йилда «Сибаға» дастури доирасида минтақага тўрт минг бош йирик шохли қорамол олиб келинади. Бугунда биз Эрон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қувайтга гўшт ва гўшт маҳсулотларини экспорт қиляпмиз.

Умуман олганда, 2018 йил якунига кўра, мамлакатимиз жаҳоннинг 11 давлати, шу жумладан, Россияга 33 минг тонна гўшт жўнатди. Таъкидлаш лозим, қўшни юрт аҳолиси гўштдан бошқа маҳсулотларга  ҳам қизиқиш билдирмоқда. Масалан, ўтган йили фақат Челябинск вилоятига Қооғистондан 34 миллион доллар қийматида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди. Мутахассислар фикрича, бу рақамлар тобора ўсиб бораверади. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиляпти. Масалан, Жанубий Уралда Қозоғистон кичик корхоналари ва фермерлари учун савдо уйи ташкил қилиняпти. Бу эса сотилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш ва федерал тармоқларга чиқиш учун замин яратади, дейди мутахассислар.

АЛЕКСАНДР РАЕВСКИЙ, ЧЕЛЯБИНСК ВИЛОЯТИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

-  Кичкина корхона бундай тармоқларга кириши амримаҳол. Савдо уйи кичик корхоналар ва фермерлар имкониятларини бир жойга тўплаш учун бундаги муаммолар бир қисмини ўз зиммасига олади. Сўнгра савдо тармоқларига контрагент сифатида маҳсулот етказиб бера бошлайди. Ўшанда маҳсулот сотилиши мутлақо бошқа суръатга чиқади.

Таъкидлаш жоиз, Россияда гўштдан ташқари сут маҳсулотлари, колбаса, ярим фабрикат ва қандолат маҳсулотлари харидоргир. Маҳаллий аҳоли уларни севиб истеъмол қилади.

ЗОЯ СОКОЛОВА, МАГАЗИН СОҲИБАСИ:

 - Қозоғистондан келаётган барча турдаги маҳсулот жуда юқори сифатли, шунинг учун барчаси харидоргир.

Экспертлар таъкидлашича, Қозоғистон маҳсулоти МДҲ давлатларининг бошқа етакчи ишлаб чиқарувчилари билан муносиб рақобат қила олади. Бугунда хорижий бозорларни эгаллаш учун мамлакатимизда барча имконият мавжуд, дейди улар.

Фото: zhaikpress.kz