«Made in Kazakhstan» маҳсулоти ишлаб чиқаришда илғор технологиялар жорий этилади

«Made in Kazakhstan» маҳсулоти ишлаб чиқаришда илғор технологиялар жорий этилади

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги соҳаси мамлакат иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бири. 2025 йилга қадар мамлакатда импорт миқдорини икки баробар камайтириб, маҳаллий маҳсулот улушини ошириш режалаштирилган. Мазкур мақсадга эришиш хусусида немис тадбиркорлари ўз таклифини билдирмоқда. Германия агробизнес альянси директори Пэр Бродерзен таъкидлашича, мамлакатнинг аграр соҳадаги потенциали жуда юқори. «Made in Kazakhstan» тамғаси остида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш учун илғор технологиялар жорий этилиши даркор.

ПЭР БРОДЕРЗЕН, ГЕРМАНИЯ АГРОБИЗНЕС АЛЬЯНСИ ДИРЕКТОРИ:

 - Назаримда, Қозоғистонда импорт маҳсулот улуши пасайиши иқтисодиёт ривожига туртки беради. Мамлакатингиз донли экин етиштиради, гўшт саноатида жуда фаол. Германия эса айни шу соҳаларда энг юқори даражадаги илғор технология ва қишлоқ хўжалиги техникасини таклиф эта олади. Масалан, бизда ер йўлдошлари воситасида мавсум мобайнида – экишдан ўроққача барча иш бажарилишини кузатиб борувчи ускуналар мавжуд. Немис инвесторларининг Қозоғистонга қизиқиши жуда баланд. Мен мамлакат шимолида дон экинлари етиштириш учун жуда қулай ҳудуд мавжудлиги, марказий минтақа мол етиштириш, жануб эса пахта экишга қулайлигидан хабардорман. 

Агросаноат мажмуасига замонавий технологияларни жорий этиш нафақат импортни камайтиради, дейди мутахассислар. Бу тайёр маҳсулот рақобатбардошлигини  орттиришга ёрдам беради, натижада, хорижий бозорларга чиқишини енгиллатувчи потенциал вужудга келади. 2025 йилга бориб, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини икки баробар ошириш – 2,5 миллиард доллардан 5 миллиард долларгача етказиш режалаштирилган.

ГУЛМИРА ИСАЕВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Бу лойиҳаларнинг устун жиҳати – донни чуқур қайта ишлашда. Донни сотиш борасида хорижий бозорда рақобат жуда катталиги барчамизга маълум. Шунинг учун биз шунчаки буғдой,  арпа донини экспорт қилиш ўрнига қайта ишланган маҳсулотни сотишга ўтишимиз зарур. Шулар жумласига жами экспортнинг 36 фоизини ташкил этаётган унни киритиш мумкин. Шунингдек, крахмал ва глютен ишлаб чиқаришни кенгайтиришимиз зарур, улар хорижий бозорда жуда харидоргир.

Таъкидлаш жоиз, ўтган йили Қозоғистон агросаноат мажмуаси уч миллиард доллар атрофида маҳсулот экспорт қилишга муваффақ бўлди. Алмати, Нур-Султон, Чимкент шаҳарлари, Қўстанай, Туркистон, Шарқий Қозоғистон ва Шимолий Қозоғистон вилоятлари бу кўрсаткичларга эришишда салмоқли улуш қўшди.