Қозоғистон «China International Import Expo» кўргазмасида иштирок этади

Қозоғистон «China International Import Expo» кўргазмасида иштирок этади

Қозоғистон ва Хитой иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Экспорт ва импорт масалалари, шунингдек, қўшма корхоналар барпо этишга  катта эътибор қаратиляпти. Жорий йилда Қозоғистон «China International Import Expo» кўргазмасида иштирок этади. У ноябрь ойида Хитойнинг энг йирик шаҳри – Шанхайда ташкил қилинади. Ушбу кенг кўламли халқаро анжуманда 130 дан ортиқ мамлакат ва трансмиллий компаниялар қатнашади.

НУРАЛИ БЎКЕЙХАНОВ, ҚОЗОҒИСТОН ТАШҚИ САВДО ПАЛАТАСИ БОШҚАРУВИ РАИСИ ЎРИНБОСАРИ:

 - Ўтган йили Қозоғистон мазкур кўргазмада илк бора иштирок этганди. Анжуманга ХХР раҳбари Си Цзинь Пинь шахсан ташриф буюрган.  Қозоғистон томонидан 35 та товар ишлаб чиқарувчи қатнашиб, улар 110 миллион долларга экспорт шартномалари тузган. Жорий йилда бу кўргазмада 140 минг савдо ташкилоти иштирок этади. Унда деярли барча давлат вакиллари бўлади.

Шу билан бирга, Қозоғистон ва Хитой Хоргос туристик потенциалини ривожлантиришда давом этяпти. Бугунги кунда юқори инвестицион жозибадорликка эга мазкур шаҳар сайёҳларни ўзига жалб қила олувчи марказга айланиши учун имконият етарли. Айтиш жоиз, Қозоғистон-Хитой чегараолди ҳамкорлиги марказига Хитой, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар фуқаролари визасиз, паспортини кўрсатган ҳолда кира олади.

ЧЖАН ВЭЙ, АЛМАТИДАГИ ХИТОЙ БОШ КОНСУЛИ:

 - Биз ҳамиша биргаликда муҳокама қилиш, биргаликда қуриш ва биргаликда фойдаланиш тамойилларига таянган ҳолда Қозоғистон билан ўзаро фойдали, кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширганмиз. Охир-оқибат, улар амалга оширилишидан давлатларимиз халқлари фақат ютади. Ҳозир Хитой ва Қозоғистон шаҳарлари ўртасида кўплаб бевосита рейслар очилган, Алашанкоу ва Хоргос орқали давлатларимиз темир йўллари ўзаро боғланган. Хоргос – икки давлат чегарасидаги жуда муҳим шаҳар ва у ерда ишлаб турган чегараолди ҳамкорлик маркази ўзаро дўстлигимизни авлоддан авлодга етказишга ҳамда эркин савдо қилишга хизмат этади.

Халқаро чегараолди ҳамкорлик маркази инфратузилмаларига Хитой томонидан деярли 200 миллион доллар, турли савдо объектлари қурилишига деярли бир ярим миллиард доллар маблағ киритилган. Ҳозирнинг ўзида Хоргосда 4 мингдан зиёд савдо ташкилоти ишлаб турибди. 2018 йилда 8 миллион 300 минг нафар, 2019 йил дастлабки 5 ойида эса икки ярим миллион нафардан зиёд одам унга келиб-кетган. Бу эса ўтган йилга нисбатан деярли 78 фоизга зиёд.

Фото: sputniknews.kz