2020 йил ёзида Нур-Султонда Жаҳон Савдо ташкилотининг 12-вазирлар анжумани бўлиб ўтади

2020 йил ёзида Нур-Султонда Жаҳон Савдо ташкилотининг 12-вазирлар анжумани бўлиб ўтади

2020 йил ёзида Нур-Султонда Жаҳон Савдо ташкилотининг 12-вазирлар анжумани бўлиб ўтади. Ташкилот бош директорининг фикрича, бундай кенг кўламли тадбирни ўтказиш ва унга раислик қилиш қабул қилувчи ҳар қандай мамлакат учун катта синов. Аммо Қозоғистон пойтахти форумни кўнгилдагидек ўтказиш учун зарур барча инфратузилмаларга эга.

РОБЕРТО АЗЕВЕДО, ЖСТ БОШ ДИРЕКТОРИ:

 - Мен яқинда Нур-Султон шаҳрида бўлдим, бўлғуси конференция ўтказиладиган бино-иншоотларни кўздан кечирдим. Учрашувларни ташкил этувчи, ўтказувчи ташкилотлар вакиллари билан суҳбатлашдим. Кўрганларимдан кўнглим тўлди. Аммо, бундан ташқари, биз тайёрланаётган ва, умид қиламанки, 12-вазирлар анжуманида келишиб оладиган мавзулар мазмуни ҳам жуда муҳим. Биз мамлакат ривожига таъсир кўрсатувчи анъанавий жиҳатлар – қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби соҳаларни кўриб чиқишни режалаштирганмиз. Шу билан бир вақтда, биз якдил давлатлар олдида турган янги муаммо ва хатарлар ҳақида ҳам фикр юритамиз.

Шуни ҳам айтиш керакки, ЖСТ таркибида Қозоғистон ушбу йирик халқаро ташкилотнинг энг фаол аъзолари қаторига киради. 2017 йилда мамлакатимиз экологик мақсадлардаги товарлар савдоси бўйича музокаралар гуруҳига раҳбарлик қила бошлади, ўтган йили эса хизматлар савдоси махсус сессиясига бошчилик қилди.

ЖАНАР АЙТЖАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ШВЕЙЦАРИЯДАГИ ЭЛЧИСИ, БМТНИНГ ЖЕНЕВА БЎЛИМИ ҚОШИДА ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДОИМИЙ ВАКИЛИ:

 - Умумжаҳон музокаралар сессиясига биз раҳбарлик қилаётганимиз жуда муҳим. Энг аввало, рақобат учун майдонда тенглик сақланиши зарур. Шунингдек, бошқа иқтисодиётлар ҳам шу каби очилиши биз учун жуда муҳим. 2020 йил 8 июндан 11 июнгача Нур-Султонда ўтадиган 12-вазирлар анжумани арафасида кўптомонлама савдо тизимини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга оид аниқ қарорлар қабул қилиниши жуда муҳим. Шу жумладан, ўйлаймизки, келгуси анжуманда электрон савдо тизимида ҳам ЖСТ замонавий талаблар ва воқеликдан четда қолмаслиги учун кўптомонлама жараённи бошлаш хусусида қарорга келинади.

2015 йилда ЖСТ билан музокаралар жараёни якунланиши билан Қозоғистон Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган ҳамкорлик ва шерикчилик шартномаси тузиб, бу тайёргарликни якунлади. Шартноманинг катта қисми республика ташқи савдосининг ярмидан зиёдини ташкил қилувчи Европа Иттифоқи давлатлари билан инвестициявий, бизнес ва савдо алоқаларига тегишли.

ЖАНАР АЙТЖАНОВА, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ШВЕЙЦАРИЯДАГИ ЭЛЧИСИ, БМТНИНГ ЖЕНЕВА БЎЛИМИ ҚОШИДА ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДОИМИЙ ВАКИЛИ:

 - Бизнинг Европа Иттифоқи олдидаги барча келишувларимиз ЖСТга кириш доирасида зиммамизга олинган мажбуриятлар билан мослаштирилган. Биз буни Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи талабларига кўра ҳам уйғунлаштирганмиз.

Ўз вақтида ЖСТга кириш Қозоғистон учун янги имкониятлар очди. Ўша вақтдан буён мамлакатимизга 67 миллиард доллар бевосита хорижий инвестиция кириб келди. Унинг учдан бир қисми хизматлар секторини кенгайтиришга йўналтирилди. Булар, аввало, савдо, дистрибьютор хизматлари, қурилиш, транспорт-логистика ҳамда молиявий хизматлар.