Жорий йилда Қозоғистонда 89 миллион тонна нефть қазиб олиш режалаштирилган

Жорий йилда Қозоғистонда 89 миллион тонна нефть қазиб олиш режалаштирилган

Жорий йилда Қозоғистонда 89 миллион тонна нефть қазиб олиш режалаштирилган. Мамлакат ғарбида «қора олтин» қазиб олиш хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширилади. Энергетика вазирлиги 3 та хорижий корхона билан тегишли шартномалар муддатини узайтирди. Томонлар 2039 йилгача Манғистау вилоятида жойлашган «ДунгА» конини ўзлаштиради. Бу эса қўшимча 9 миллион тонна нефть қазиб олишга замин яратади. Таъкидлаш жоиз, мазкур кон 2000 йилда синов тариқасида очилган. 2007 йилдан эса тўлақонли маҳсулот олина бошланган.

ҚАНАТ БЎЗУМБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ:

 - Мазкур конни ривожлантиришнинг 3-босқичи рўёбга чиқарилади. У инвесторнинг 300 миллион долларга яқин маблағи ҳисобига ишга туширилади. Мазкур кондан олинадиган маҳсулот ҳажми 20-25 фоизга ортади. Инвесторлар мазкур маҳсулотнинг 15 фоизи ички бозорга йўналтирилишига розилик беришди. Кўпроқ бўлиши ҳам мумкин.

Хорижий инвестиция ҳар қандай мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Умуман олганда, мустақиллик йиллари Қозоғистонга 320 миллиард доллардан зиёд маблағ жалб этишга муваффақ бўлинди. Агар ўтган йили жаҳон миқёсида иқтисодиётни ривожлантиришга киритилаётган маблағ ҳажми 27 фоизга қисқарган бўлса, Қозоғистонда бу кўрсаткич бирмунча кўтарилди. Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки раҳбари республикамиз ҳудудида молиявий тизим қандай ишлаётганига баҳо берди.

СУМА ЧАКРАБАРТИ, ЕВРОПА ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ БАНКИ ПРЕЗИДЕНТИ:

-  Биз ўз ишимизни инвестициялар сони билангина эмас, сифати билан ҳам ўлчаб кўрдик. Бу борада қилинган ишлар муваффақиятли тарихдан далолат бера олади. Биз илгаридан ҳам Қозоғистоннинг кам углеродли иқтисодиётга ўтиши, иқлим ўзгаришларига барқарор, чидамли бўлиши тарафдоримиз. Фақат жорий йил ўзида биз ва ҳамкорларимиз қайта тикланувчи энергетика манбаларига доир 3 та лойиҳани имзолашди.

Бугунги кунда Қозоғистон ўзини қулай инвестициявий иқлимга эга давлатлар қаторида кўрсата олди ва хорижий капитални жалб этишда пешқадам мамлакатлар сафидан жой олди.

Фото: pavon.kz