Astana Finance Days: Ислом молиявий воситалари

Astana Finance Days: Ислом молиявий воситалари

«Астана» Халқаро молиявий маркази – минтақада ислом молиялаштиришини ривожлантириш учун жозибадор майдончалардан бири. Бугунги кунда мазкур молиявий ташкилот Ислом Тараққиёт Банки билан ҳамкорликда қулай ҳуқуқий ва бошқарув базасини яратиш бўйича иш олиб боряпти. Мутахассислар билан тажриба алмашиш ва уларни ўқитишга катта эътибор берилмоқда. Пойтахтда Ислом Тараққиёт Банки бўлимлари мастер-класс ўтказди. Иштирокчилар Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотига аъзо давлатлар хусусий шўъбасини ривожлантириш учун ислом молиявий воситаларидан фойдаланишни, глобал трендларни муҳокама қилди, соҳадаги сўнгги янгиликлар хусусида маълумот алмашди. Экспертлар айтишича, Қозоғистоннинг ислом молиялаштирилишини ривожлантиришга оид тажрибаси бутун Марказий Осиёда ўрганилмоқда.

ШАЙХ БИЛОЛ ХОН, «АСТАНА» ХАЛҚАРО МОЛИЯ МАРКАЗИ МАЪМУРИЯТИ БИЗНЕСНИ ХАЛҚАРО МИҚЁСДА ИЛГАРИ СУРИШ ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ ИСЛОМ МОЛИЯЛАШТИРИШ ЙЎНАЛИШИ РАҲБАРИ:

 - Семинардан мақсад – амалиётчи мутахассислар ва Марказий Осиё минтақасида, шу жумладан, инглиз ҳуқуқига асосланган мустақил майдонча бўлган «Астана» Халқаро молиявий марказида иш юритишга қизиқаётган ислом молияси саноати вакилларини бир ерга тўплаш эди. «Астана» Халқаро молиявий маркази мижозлар эҳтиёжларини қондиради ва улар учун фойдали имкониятлар яратади. У мутлақо мустақил, эҳтиросларга берилмайдиган тартибга солиш ҳуқуқий тизимига эга. Ушбу марказ – минтақадаги ўзига хос намуна ва бугунги кунда Ўзбекистон Қозоғистон тажрибасини ўрганмоқда.

САМИР ТАГИЕВ, ИСЛОМ КОРПОРАЦИЯСИ ХУСУСИЙ СЕКТОРНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА МДҲ МАМЛАКАТЛАРИ МИНТАҚАВИЙ МЕНЕДЖЕРИ:

-  Виза олиш имконияти анча енгиллашди. Бизда кўплаб хорижликлар меҳнат қилади. Биласизми, Ислом Тараққиёт Банки дунёнинг 56 давлатида иш юритади. Биз бир кун ичида «Астана» Халқаро молиявий маркази орқали виза олишимиз мумкин. Қозоғистонни бошқа мамлакатларда ҳам тақдим этишни истаймиз, бунда фақатгина Қозоғистон эмас, Марказий Оисё – Тожикистон, Ўзбекистон, бошқа ислом олами давлатлари ҳам иш юритади.

Таъкидлаш керак, ислом молияси – бугунги кунда жаҳондаги умумий ҳажми 2,5 триллион долларни ташкил этган энг жадал ривожланаётган сегментлардан. Экспертлар унинг 2023 йилгача 3,8 триллионгача ўсишини тахмин қилади.

Фото: Хабар 24