Қозоғистоннинг инвестициявий имкониятлари

Қозоғистоннинг инвестициявий имкониятлари

Қозоғистоннинг қулай инвестициявий иқлими хорижлик тадбиркорларни ўзига жалб этади. Хорижий капитал бизга йил сайин тобора кўпроқ кириб келяпти. Тоғ-кон ва қайта ишлаш саноати, савдо, молия ва транспорт соҳалари энг кўп қизиқиш уйғотмоқда. Жанубий Кореянинг энг йирик корпорацияларидан бири мамлакатимизда трактор ишлаб чиқариш лойиҳасини ривожлантиришга сармоя киритиш ниятида. Дастлабки босқичда инвесторлар маркетингни ривожлантириш ва тракторларни сотишга сармоя киритади. Шунингдек, корпорация қозоғистонлик ходимлар учун Кореядаги корхоналарда стажировка ташкил этиш ниятида. Эслатамиз, 2015 йилдан буён Туркистон вилоятида трактор заводи ишлаб турибди. Дастлабки икки йилда бу ерда 120 та қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарилган. 

ГРЕГ НАМ, КАТТА КОРПОРАЦИЯ ВИЦЕ-ПРЕЗИДЕНТИ:

 - Биз ишни йилига минг трактор чиқаришдан бошлаб, кейинчалик ўн мингтагача етказиш ниятидамиз. Бунинг учун имконият ҳам, эҳтиёж ҳам бор, деб ўйлайман. Биз учун бу ер яхши бозор, Қозоғистон учун эса қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ажойиб имконият.

Бундан ташқари, мамлакатимиз аграр соҳасига салмоқли инвестициялар жалб этилади. Жаҳон банки гўшт йўналишидаги чорвачиликни ривожлантириш дастурини рўёбга чиқариш учун 500 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишга тайёр.

САПАРХАН ЎМАРОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИК ВАЗИРИ:

 - АҚШ қишлоқ хўжалиги вазири билан учрашдик, Небраска штати губернатори билан ҳам. Биз ирригация қурилмалари ишлаб чиқарувчи завод қуриш хусусида музокара юритяпмиз. Ҳозир Қозоғистонда гўштни қайта ишлаш заводлари, бўрдоқилаш майдончалари қуриш учун ўз инвестициялари билан келувчи йирик чорвачилик компаниялари, гўштни қайта ишловчилар билан музокара олиб боряпмиз.

Мутахассислар хорижий капитални жалб этиш ва замонавий технологияларни жорий этиш Қозоғистон иқтисодиётининг барча соҳаларини ривожлантиришга янги туртки беришини таъкидлайди.  

Фото: forbes.kz