Келгусида туризмга киритилаётган инвестиция миқдори 2 триллион тенгега етади

Келгусида туризмга киритилаётган инвестиция миқдори 2 триллион тенгега етади

Қозоғистонда туризм соҳасига амбицияли вазифалар юкланган. Келгуси етти йил ичида мамлакатга келаётган туристлар сони йилига етти миллиондан 15 миллион нафаргача ошиши, соҳага киритилаётган инвестиция миқдори эса 2 триллион тенгега етказилиши зарур. Бунинг учун минтақаларда соҳани ривожлантиришга оид ишлар режа асосида амалга ошириляпти. Масалан, Қизил Ўрда вилоятида “Бойқўнғир” космодромини ривожлантириш, санаторий-курорт даволаш ва пляж туризмига оид учта лойиҳага алоҳида эътибор берилмоқда.

АЛДАБЕРГЕН  ИСАЕВ, «ҚАМИСТИБАС» ИЖТИМОИЙ ТАДБИРКОРЛИК КОРПОРАЦИЯСИ РАҲБАРИ:

- Биз бу ерда агро, этнография ва тарихий туризмни ривожлантириш ниятидамиз. Ахборот ва кўнгилочар хизматлар кўрсатамиз. Масалан, қайиқда саёҳат ва чавандозлик. Сайёҳларни Қамбаш кўлининг шифобахш хусусиятлари ҳам ўзига жалб этади. Туристлар сони ортиб боряпти. Келгусида қишки туризмни ривожлантиришни ўйлаяпмиз.

МУХТАР ЎРАЗБАЕВ, ОРОЛ ТУМАНИ ҲОКИМИ:

- Логистика маркази очиш имконияти бор. Туман орқали “Ғарбий Европа-Ғарбий Хитой” халқаро транспорт йўлаги ва “Саксаульск- Жезқазған” темир йўли ўтади. Бу эса туризм соҳасини ривожлантириш учун қатор устунликлар ва имкониятлар яратади.

Каспий соҳилида эса кенг кўламли туристик комплекс қурилиши бошлаб юборилган. Ақтау шаҳрида эса 57 миллиард тенгели инвестициявий лойиҳа тузилиб, 2020 йилда ишга туширилиши ният қилинган. Режага мувофиқ, бир майдончада аквапарк, спорт майдончалари ва конгресс-холл барпо этилади.

ҲУСАЙН СЕЛЬЖУҚ ЁЛҚИН, ЛОЙИҲА БОШ МУВОФИҚЛАШТИРУВЧИСИ:

- Биз бугунги кунда 2 миллион 270 минг квадрат метр майдонни эгаллайдиган туристик мажмуанинг илк ғиштини қўйдик. У Ақтау шаҳридан тахминан 20 километр масофада жойлашган. Курорт ҳудудини 5 босқичда барпо этамиз. 500 ўринли меҳмонхона қурилади. Унда люкс даражасидаги 40 та номер, 60 та бунгало ҳам бўлади. Аквапарк, болалар ва спорт майдончалари, гольф ўйнаш учун махсус майдон барпо этилади. Бундан ташқари, суви иситиладиган улкан сув ҳавзаси яратилади.

Мамлакат шарқида эса жорий йилда бир ярим миллионгача турист келиши кутилмоқда. Бухтарма сув омбори соҳиллари турли давлатлардан келган сайёҳларни ўзига жалб этади. Маҳаллий аҳоли бу ҳудудни курорт зонасига айлантиришни таклиф қиляпти. Тадбиркорлар фикрича, расман курорт ҳудуди мақомини олиш минтақага инвестиция жалб этиш ва туризмни ривожлантиришга имкон яратади. Бугунги кунда Олтой туманида 120 та дам олиш зонаси мавжуд, охирги 5 йил ичида бу ерда 42 та янги база барпо этилди, тўрттасининг қурилиши давом этмоқда.

 

МАРАТ КАБАКОВ, ШАРҚИЙ ҚОЗОҒИСТОН ВИЛОЯТИ ТУРИЗМ ВА ТАШҚИ АЛОҚАЛАР БОШҚАРМАСИ РАҲБАРИ:

- Жорий йилда туристик соҳани ривожлантириш бўйича Ҳукумат томонидан давлат дастури қабул қилиниши кутиляпти. Унда 10 та ёки 50 та истиқболли туристик зона белгиланади, улар асосий эътиборда бўлади ва алоҳида назорат қилинади. Ўнликка Алакўл соҳили, 50-ликка эса Бухтарма сув омбори киритилган.

Мутахассислар фикрича, давлат ёрдами берилиши туфайли ёзги дам олиш турлари билан бир вақтда қишки туризмни ҳам ривожлантириш имкони туғилади.

Фото: bnews.kz