ВЕНГРИЯ ҚОЗОҒИСТОНГА ДЕЯРЛИ 200 МИЛЛИОН ДОЛЛАР САРМОЯ КИРИТДИ

ВЕНГРИЯ  ҚОЗОҒИСТОНГА ДЕЯРЛИ 200 МИЛЛИОН ДОЛЛАР САРМОЯ КИРИТДИ

Қозоғистоннинг инвестициявий жозибадорлиги тобора ортиб бормоқда. Мамлакатда яратилган қулай шарт-шароитлар: қатор преференция ва солиқдаги енгилликлар хорижий капитални жалб этишга хизмат қилади. Мустақиллик йилларида Венгрия  Қозоғистон иқтисодиётига деярли 200 миллион доллар сармоя киритди. 2018 йил ва жорий йил дастлабки чорагида икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 155 миллион долларни ташкил қилди. Бугунги кунда Қозоғистонда венгер капитали мавжуд 60 та корхона ишлаб турибди.

ҚАЙРАТ ТЎРЕБАЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТ ВАЗИРЛИГИ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ДЕПАРТАМЕНТИ ДИРЕКТОРИ:

Маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари билан сув оқимларини бошқаришга оид 3 та меморандум имзоланяпти. Венгрия сувни тозалаш ва йўқотишларни камайтиришга оид Европадаги энг илғор тажрибага эга. Жаноб Варга ўз мамлакати тадбиркорларига қўшма корхона очиш бўйича кўрсатма берди, янги компаниялар маҳсулотлари нафақат Қозоғистон, балки Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатлари, Европа Иттифоқида сотилади.

Қозоғистондаги қулай инвестиция иқлими ҳақида Нью-Йорк савдо палатаси майдончасида ҳам тилга олинди. Мамлакат бош консули Жанибек Абдрашов америкалик тадбиркорларга хорижий капитални жалб этишга оид янгича ёндашувлар, «Астана» халқаро молиявий маркази фаолияти хусусида маълумот берди. Бу ташкилот инвесторлар билан ишлашга доир хаб вазифасини ўтайди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли ўтган йили республикага кириб келаётган бевосита инвестиция ҳажми 24 миллиард долларгача ўсди.

ЖАНИБЕК АБДРАШОВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ НЬЮ-ЙОРК ШАҲРИДАГИ БОШ КОНСУЛИ:

Америка бизнесида қизиқиш юқори, ва шуни ҳам айтиш керакки, Қозоғистонда сармоядорлар келишига боғлиқ барча зарурий масалаларни ҳал этувчи мувофиқлаштирувчи кенгаш каби ажойиб механизм барпо қилинган. Бизнинг вазифамиз бизнесни, нафақат йирик компаниялар, балки инвестициявий имкониятларга эга кичик ва ўрта бизнесни ҳам ўз маблағини хорижга сармоя сифатида юборишига эришиш. Чунки Америка иқтисодиёти энг катта ҳажмли иқтисодиёт, Нью-Йорк эса биринчи рақамли молия маркази.

Турк тадбиркорлари ҳам Қозоғистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Улар учун мебель ишлаб чиқариш, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергетика манбалари устувор йўналишлардан ҳисобланади. Турк тадбиркорлари мамлакатимиз инвестициявий салоҳиятини жуда юқори баҳолайди. Бундан ташқари, инглиз ҳуқуқи асосида фаолият юритаётган «Астана» халқаро молиявий маркази улар эътиборини жалб этмоқда.

ҲИКМЕТ ЭРЕН, ЕВРООСИЁ ИКТИСОДИЙ МУНОСАБАТЛАР ҲАМЖАМИЯТИ РАҲБАРИ:

Қозоғистон Евроосиё материги дарвозаси ва турк халқлари бешиги эканлигига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Бирмунча ёш бу мамлакатни дунёнинг барча жойида танишади. Майдон жиҳатидан Қозоғистон дунё бўйича 9-ўринда. Унинг замини турли фойдали қазилмаларга бой. Республика йил сайин тобора кўпроқ тадбиркорни ўзига жалб этяпти. Таъкидлаш жоизки, бизнинг тадбиркорларимиз ҳам ҳамкорликни ривожлантиришга шай. Биз Қозоғистон билан ҳамкорликни фаоллаштириш ниятидамиз.

Таъкидлаш жоизки, республикада жорий йил январь-февраль ойларида асосий капиталга киритилган сармоя миқдори уч ярим миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса 2018 йил шу даврига нисбатан 4 фоизга юқори. Айни вақтда 2022 йилга бориб Қозоғистонга 118 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этиш режалаштирилмоқда. Шундан деярли 25 миллиард доллари бевосита хорижий сармоядир.