АЛМАТИДА КОРЕЯ БИЛАН ҚЎШМА КОРХОНА БАРПО ЭТИЛАДИ

АЛМАТИДА КОРЕЯ БИЛАН ҚЎШМА КОРХОНА БАРПО ЭТИЛАДИ

Алмати саноат зонасида автомобиль ишлаб чиқарувчи Қозоғистон-Корея қўшма корхонаси барпо этилади. Биринчи босқичда корхона қуввати йилига 30 минг машинани ташкил қилади. Келажакда уни 45 мингтагача етказиш режалаштирилган. Бу корхонада саккизта корейс бренди деталлари йиғилади ва улар учун деталлар ишлаб чиқарилади.

СОН ЮН МО, ЖАНУБИЙ КОРЕЯ САВДО, САНОАТ ВА ЭНЕРГЕТИКА ВАЗИРИ:

Компания сўнгги эллик йил давомида тўпланган тажриба, технология ва ноу-хоуни Қозоғистонга беради. Бу эса мамлакатлар саноат соҳасида ўзаро янада мустаҳкам муносабат ўрнатишига имкон яратади.

Янги автомобилларнинг дастлабки партияси 2020 йилда конвейердан чиқиши режалаштирилган. Лойиҳа қиймати – деярли йигирма уч миллиард тенге.

НУРЛАН СМАҒУЛОВ, ТАДБИРКОР:

Давлат бизга коммуникациялар беради. Майдончадан ташқаридаги барча тармоқлар етказиб келинган. Биз қурилишни бошлаймиз. Бу жуда яхши кўмак. Биз ўзимизга қарашли ва қарз олинган маблағлар ҳисобига қурилишни амалга оширамиз. 70 фоиз маблағ тижорат шартлари асосида Қозоғистон Тараққиёт банкидан олинади.

Жанубий Корея учун Қозоғистон билан автомобилсозлик саноатида ҳамкорлик қилиш айниқса фойдали. Тонгги мусаффолик мамлакати Қозоғистон орқали Марказий Осиё ва 170 миллион аҳоли истиқомат қилувчи Евроосиё  Иқтисодий Иттифоқи бозорларига йўл очади.

РОМАН СКЛЯР, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ САНОАТ ВА ИННОВАЦИЯВИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВАЗИРИ:

Маҳсулот Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлар бозорларида сотилади. Яъни экспорт учун имконият жуда катта. Маҳсулот локаллашишини кенгайтиришда ҳам катта истиқбол мавжуд. Буни бизнинг тадбиркорлар рўёбга чиқаради. Биз бунга ишонамиз.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қозоғистон-Корея қўшма корхонасининг қурилиши мамлакат машинасозлик саноати ривожланишида муҳим стратегик қадам. Янги ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши туфайли республикамиз экспорт имконияти ҳам кенгаяди.