ОСМОНОСТИ ЮРТ КОМПАНИЯЛАРИ ҚОЗОҒИСТОН ТАБИИЙ ГАЗИГА ҚИЗИҚЯПТИ

ОСМОНОСТИ ЮРТ КОМПАНИЯЛАРИ ҚОЗОҒИСТОН ТАБИИЙ ГАЗИГА ҚИЗИҚЯПТИ

Қозоғистон-Хитой ўртасидаги ўзаро алоқа мунтазам ривожланиб боряпти. Йилдан-йилга икки томонлама ҳамкорлик кучаймоқда. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдода ўсиш суръатлари ошаётгани кузатилади. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимиз фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзидан 430 миллион доллар ҳажмида маҳсулот етказиб берди.  Осмоности мамлакатида Қозоғистон дони жуда харидоргир. Жами 562 минг тонна жўнатилди. Жорий йилда бу кўрсаткич икки баравар ўсиши режалаштирилган.

ШАХРАТ НУРИШЕВ, ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИДАГИ ФАВҚУЛОДДА ВА МУХТОР ЭЛЧИСИ:

Биз сўнгги 3-4 йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 13 та протокол имзоладик. Уларда мол ва қўй гўшти ҳам, буғдой, беда, рапс ҳам тилга олинган. Бугунги кунда айрим маҳсулот турлари бўйича етказиб бериш ишлари бошланиб кетди. Шу давр ичида Қозоғистоннинг 180 тача корхонаси Хитой бозорига ўз маҳсулотини олиб кириш учун ижозатнома олган.

Шунингдек, Осмоности мамлакати компаниялари мис ва қўрғошин сотиб оляпти. Қозоғистон табиий газига ҳам қизиқиш катта. 2018 йилда «зангори олов» экспорти ҳажми 6 миллиард куб метрни ташкил қилди. Талаб юксаклиги туфайли Хитойда Қозоғистон маҳсулотларини сотиш марказлари ташкил этиляпти. Улардан бири Ухань шаҳрида – тўққиз провинция чорраҳасидаги нуқтада барпо этилган.

У ГУАНМИН, ХАЛҚАРО ЛОГИСТИКА КОМПАНИЯСИ ДИРЕКТОРИ /ХИТОЙ/:

Алматида компаниямиз ваколатхонаси ишлаб турибди. Биз Қозоғистон билан яхши муносабат ўрнатганмиз. Қисқа муддатларда Ухань шаҳрида Қозоғистон маркази барпо этишни режалаштирганмиз. Бу ерда Қозоғистондан келтирилган энг яхши маҳсулотлар тақдим этилади. Сўнгра бу ердан бутун Хитой бўйлаб тарқатилади.

Ўтган йил кузида Осмоности мамлакатига икки партия ширин қаҳрабо маҳсулот жўнатилди. 2019 йил мартида эса Хитой Халқ Республикасига 250 тонна асал экспорт қилинди. Шуни ҳам айтиш керакки, ўтган йили Шарқий Қозоғистон ва Хитой ўртасида товар айланмаси 510 миллион доллардан ошди. Шу жумладан, экспорт ҳажми Америка валютасида 308 миллионни ташкил қилди.

ВАЛЕРИЙ ҚАСИМБАЕВ, РЕСПУБЛИКА АСАЛ ЕТИШТИРУВЧИЛАР ПАЛАТАСИ РАИСИ:

Темир йўл орқали контейнер, яъни бир вагон юбордик. Автомобиль транспорти ёрдамида Зимунай орқали жўнатдик. Ҳозирча 2 партия кетди. Ҳаммаси энди Осмоности мамлакати, Америка, Амирликлар, Монголия истеъмолчиларига боғлиқ. Биз контракт тузиш билан шуғулланяпмиз.

Икки мамлакат мутахассислари «Нурли йўл» ва «Ягона белбоғ – ягона йўл» лойиҳаларининг ўзаро уйғунлиги туфайли Қозоғистон ва Хитой учун товар айланмасини янада кенгайтиришда янги имкониятлар очилишига ишонч билдирдилар.