Қозоғистон ва Корея ўртасида $4 млрд савдо айланмаси кузатилди

Қозоғистон ва Корея ўртасида $4 млрд савдо айланмаси кузатилди

Стратегик ҳамкорлар - Қозоғистон ва Жанубий Корея ўртасидаги ўзаро фойдали шериклик мустаҳкамланиб боряпти. Бугунги кунда маданий-гуманитар соҳа билан бирга савдо-иқтисодий йўналишда ҳам фаоллик кузатиляпти. Ўтган йили икки давлат орасида савдо айланмаси 4 миллиард долларга етди. Қозоғистондан нефть, уран, мис, олтин, пўлат экспорт қилинди. Тонгги мусаффолик мамлакатидан эса электроника, ускуналар, автомобиллар харид қилинди.

КИМ ХЕН СУ, КОРЕЯ ХАЛҚАРО САВДО ҲАМЖАМИЯТИ ЭКСПЕРТИ:

- 2017 йилгача Қозоғистондан келтирилаётган нефть ҳажми жуда оз эди. Сўнг 27 миллион баррелдан 55 миллион баррелгача кескин ортди. Нефть сифати жуда юқори. 2018 йилда Қозоғистондан 1 миллиард 100 миллион доллар қийматида нефть хомашёси келтирилди, бу эса Қозоғистондан Кореяга юборилаётган маҳсулотнинг 80 фоизини ташкил қилади.

Ҳамкорликда ўтган йиллар давомида давлатлар 500 дан ортиқ қўшма корхона очишди. Қозоғистон ва Корея 41 та инвестициявий лойиҳани биргаликда рўёбга чиқармоқда.

ЛИ ЧЖЕН ЁН, КОРЕЯ ХАЛҚАРО ИҚТИСОДИЙ СИЁСАТ ИНСТИТУТИ ПРЕЗИДЕНТИ:

- Биз турли соҳаларда тўлақонли ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Иқтисодиётга тўхталсак, бу соҳада ҳам улкан ишлар амалга оширилди. Аммо олдинда имкониятлар кўп. Биз ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик таклиф эта оламиз. АКТ ва қишлоқ хўжалиги ютуқларини бирлаштириш туфайли далалардаги иш маҳсулдорлигини кескин ошириш мумкин. Қозоғистон эса қишлоқ хўжалиги юритиш бўйича улкан салоҳиятга эга.

Бугунги кунда Жанубий Корея жаҳондаги энг кучли ривожланган 20 давлат қаторига киради. Нисбатан қисқа вақт ичида аграр мамлакат йирик натижаларга эриша олди. Қозоғистонлик экспертларнинг айтишича, мамлакатимиз рақамли технологиялар бўйича пешқадам бўлган кореяликлар тажрибасини ўзлаштириши зарур.

МУҚАН БАУИРЖАН, ИҚТИСОДИЁТ ТАҲЛИЛИ ИНСТИТУТИ:

- Бизни аввало рақамли иқтисодиёт билан боғлиқ лойиҳалар қизиқтиради. Бугунги кундаги асосий мақсадлардан бири – қозоғистонлик ходимларнинг Жанубий Кореяда малака ошириши. Иккинчи йўналиш – биргаликда илмий лойиҳалар ташкил қилиш ва уларни рўёбга чиқариш. Бундай ҳамкорлик мамлакатимиз учун ҳам, Корея учун ҳам фойдали бўлишига умид қиламиз.

Хорижлик инвесторларнинг транспорт-логистика лойиҳаларига қизиқиши ҳам ортиб бормоқда. Ўтган йили Жанубий Кореянинг йирик компанияларидан бири Катта Алмати айланма автомобиль йўли қурилишига киришди.

Фото: mfa.gov.kz