Қозоғистонлик тадбиркорлар Эрон бозорларида ишлашлари анча енгиллашади

Қозоғистонлик тадбиркорлар Эрон бозорларида ишлашлари анча енгиллашади

Қозоғистонлик тадбиркорлар Эрон бозорларида ишлашлари анча енгиллашади. Ушбу ислом республикаси савдо майдончаларига  мамлакатимиз тадбиркорларининг чиқишини енгиллаштириш режалаштирилмоқда. Яқин ойларда Астанага Қозоғистон корхоналари билан батафсил танишиш мақсадида халқаро бизнес доиралари вакиллари келишади. Эронликларни аввало фойдали қазилмалар қазиб олиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари қизиқтираяпти. Теҳронлик мутахассислар қозоғистонликларнинг буғдой, арпа, бошқа дон экинлари етиштириш, сақлаш ва ташишдаги тажрибасини ўрганиш ниятидалар.

МАҲДИ ЗАҲЕДИАВВАЛ, ЭРОН САВДО ПАЛАТАСИ АЪЗОСИ:

 - Қозоғистон қишлоқ хўжалиги – мамлакатдаги энг яхши ривожланган соҳалардан бири. Бизнинг қизиқишимизни изоҳлаш осон. Ўйлайманки, Қозоғистон омборларимизни дон билан тўлдира олади. Мамлакатингиз Эроннинг узоқ муддатли ҳамкори бўла олишига ишонаман. Икки мамлакат савдо палаталари тадбиркорларга бу мақсадларга эришишда ёрдам бериши даркор.

Бундан ташқари Теҳрон Қозоғистон машинасозлигига ҳам эътибор қаратиш ниятида. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришда ҳамкорликни мустаҳкамламоқчи.

МУҲАММАД ВАТАНПУЛ, ИҚТИСОДЧИ:

 - Эрон – бугунги кунда Қозоғистонни геосиёсат ва география жиҳатидан бошқа мамлакатлар билан боғлай олувчи кўприк. Эрон орқали товарларни ташиш ҳам қулай, ҳам арзон. Шунингдек, денгиз ва темир йўл орқали ташиш имкониятлари ҳам мавжуд. Агарда юклар Эрон орқали транзит қилинса, божхона тўловлари ҳам бошқа мамлакатларникидан анча кам бўлади. Икки мамлакат ўртасида бизнес ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдали ва хавфсиз.

Учинчи мамлакатларга товарлар экспорт қилиш ҳам Қозоғистон – Эрон ҳамкорлигини асосий масалалари қаторида. Теҳрон бу борада Астанага ҳар жиҳатдан кўмак беришга тайёр. Қозоғистон ҳам ўзининг жиддий ниятда эканлигини кўрсатди: келгуси уч йил мобайнида давлат 500 миллиард тенге маблағни экспортни ривожлантиришга сарфламоқчи. Шунингдек, номолиявий енгилликлар – транспорт харажатларини қоплаш ва сервис кўмаги ҳам режалаштирилган.

Фото: inform.kz