Газ асосан Россияга экспорт қилинаяпти

Газ асосан Россияга экспорт қилинаяпти

Қозоғистон хорижга газ экспортини ошираяпти. Ўтган йилнинг 10 ойи ичида 22 миллиард куб “зангори олов” хорижга экспорт қилинди. Бу кўрсаткич 2017 йилнинг шу давридагидан 14,5 фоизга ортиқ. Бунга Россия ва Хитойга жўнатилаётган газ ҳажмининг ортиши ҳисобига эришилди. Шимолдаги қўшнимиз етти ярим миллиард куб метр газ харид қилди, шарқдаги қўшнимиз эса харид қилаётган газ ҳажмини етти марта оширди. Қозоғистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2018 йилда Осмоности мамлакатига 5 миллиард 800 миллион куб метр газ сотилди. Экспортнинг ўсишига сотилаётган бозорлар кенгайиши ҳам таъсирини кўрсатди. Озарбайжон ва Қирғизистонга кичик ҳажмларда маҳсулот етказиб бериш йўлга қўйилди. Бу давр мобайнида мамлакатимиз жами 1 миллиард 700 миллион долларга газ сотди. Эслатамиз, Қозоғистон табиий газ захиралари бўйича жаҳонда йигирма иккинчи ва МДҲда учинчи ўринда туради.

Фото: kp.kz